Ўзбекистон ва Кипр: қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашилади, ҳамкорлик кучайтирилади
Cенатда “Ўзбекистон - Кипр” ва "Кипр - Ўзбекистон" ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳларининг онлайн шаклда учрашуви бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестиция, таълим, туризм, рақамлаштириш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, гуруҳлар йиғилишларини мунтазам ўтказиш ва тегишли қўмиталар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ва имзоланган ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Таълим, туризм ва маданият йўналишларида ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кипр томони ажратаётган стипендиялар ва малака ошириш дастурларидан самарали фойдаланиш, маданий меросни сақлаш ва тиклаш бўйича тажриба алмашиш, ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Ўзбекистон ва Кипр ўртасидаги ҳамкорликнинг катта салоҳиятга эга экани қайд этилиб, ўзаро алоқаларни келгусида ҳам изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА