Ўзбекистон ва Канада ҳамкорлигида янги имкониятлар очилмоқда
Тошкентда Канада элчихонаси қабул ўтказди. Элчи Кристофер Дагган Ўзбекистон билан ҳамкорликда улкан, ҳали ишга солинмаган салоҳият борлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Канада ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 7 апрелда ўрнатилган. Шундан буён икки мамлакат ўртасида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар ва парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланиб келмоқда. Хусусан, 1999 йилда икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида ҳукуматлараро конвенция имзоланган.
Канада давлатининг миллий байрами муносабати билан Тошкентда Канада элчихонаси расмий қабул маросими уюштирди. Унда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда давлат идоралари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари қатнашди. Канаданинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Дагган икки мамлакат ўртасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
– Муносабатларимизнинг ҳозирги даражасидан қониқмайман. Ишончим комилки, биз биргаликда анча кўп иш қила оламиз. Канада нефть-газ ва тоғ-кон саноатида катта тажрибага эга. Шу билан бирга, илмий тадқиқот муассасаларимиз ўртасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар мавжуд, – деди дипломат.

Элчи Канада ҳукумати халқаро шериклик алоқаларини диверсификация қилишга интилаётганини, бунда Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Кристофер Дагган келажакда Ўзбекистонда Канаданинг дипломатик ваколатхонаси очилишини исташини билдирди.
– Бир кун келиб бу ерда элчихонамиз бўлишини жуда хоҳлардим. Ҳозирча элчихонамиз Қозоғистонда жойлашган, – дея таъкидлади элчи.
Дипломат Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюриб, давлат идоралари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилиш, ҳамкорлик географиясини мамлакат ҳудудлари ҳисобидан кенгайтиришдан манфаатдор эканини қўшимча қилди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги товар ва хизматлар савдоси ҳажми 2024 йилда 91,4 миллион долларни ташкил этган. Қўмита ҳисоботида 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 101 миллион АҚШ долларига етгани қайд этилган. Энергетика соҳаси икки мамлакат инвестициявий ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Жумладан, Канаданинг «Condor Energies» компанияси 2024 йил март ойидан буён «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Компаниянинг жорий йил 12 ноябрда эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонда газ ва газ конденсати қазиб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67 фоиз ошгани маълум қилинган.
Икки томонлама мулоқотлар ҳам жадаллашмоқда. Жорий йил апрель ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Канадага ташриф буюриб, Оттава ва Торонто шаҳарларида давлат идоралари, ишбилармон доиралар ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Шунингдек, Канада элчисининг юртимизга навбатдаги ташрифи ҳам муҳим учрашувларга бой ўтди. Бу сўнгги мулоқотлар Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги муносабатларни анъанавий иқтисодий йўналишлар билан чекламасдан, илм-фан, таълим, инновация ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳам ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Маълумот ўрнида: Кристофер Дагган Канаданинг Марказий Осиёдаги беш давлат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиси ҳисобланади. Унинг дипломатик ваколатхонаси Остона шаҳрида жойлашган.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА