Ўзбекистон ва Жанубий Корея аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров Жанубий Корея Республикасининг Қишлоқ тараққиёти бошқармаси (RDA) бош директори ҳамда халқаро “KOPIA” ташкилоти директори бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда шоличилик соҳасини ривожлантириш, илмий ёндашувлар асосида серҳосил навларни яратиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Шоличилик илмий-тадқиқот институти ва халқаро “KOPIA” ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Учрашувда Жанубий Кореянинг қишлоқ хўжалигида амалий технологияларни ишлаб чиқиш, ҳудудий аграр тармоқларни ривожлантириш, фермерлар даромадини ошириш ҳамда ёшларни соҳага кенг жалб этиш борасидаги тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, келгусида шоличилик ва чорвачилик йўналишларида илмий тадқиқотларни кенгайтириш, инновацион технологиялар алмашинувини кучайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА