Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов ҳамда Хитойнинг "Henan Investment Group" компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда геология ва тоғ-кон саноати соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда энергетика соҳаси учун хомашё базасини шакллантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, компания вакиллари “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг халқаро аҳамиятини қайд этиб, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистоннинг транспорт ва савдо тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш имконияти борлигини таъкидлади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, “Henan Investment Group” энергетика, тоғ-кон саноати ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришда катта тажрибага эга бўлган халқаро компания ҳисобланади.
Жанубий-Шарқий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатларида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган ушбу компания Ўзбекистон бозорида ўз иштироки ва сармоясини кенгайтиришга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди.
Шунингдек, "Henan Investment Group" компанияси вакиллари Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш, доимий ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш орқали икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифини билдирди.
Учрашув якунида томонлар қўшма режаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА