Ўзбекистон ва Хитой сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт соҳасида экспертлар ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашининг “Рақамли шериклик: сунъий интеллект ва янги авлод маълумотлар иқтисодиёти” мавзусидаги иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти томонидан ташкил этилди. Кенгаш ишида икки мамлакатнинг етакчи таҳлилий, тадқиқот ва таълим муассасалари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Хитой ижтимоий фанлар академиясининг ихтисослашган институтлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Муҳокамаларда давлат идоралари ва дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳам қатнашди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисидаги меморандум 2024 йил октябрь ойида СМТИ ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ўртасида имзоланган. Кенгашнинг биринчи йиғилиши 2025 йил 22 март куни Пекинда бўлиб ўтган ва иқлим ўзгариши, экологик ҳамкорлик ҳамда “яшил” технологиялар масалаларига бағишланган эди.

Иккинчи йиғилишда рақамли трансформация, сунъий интеллект, маълумотлар инфратузилмасини ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар янги технологияларнинг жадал тарқалиши барқарор ўсишни таъминлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратаётганини қайд этишди.
Мазкур кун тартибининг долзарблиги дунёда кечаётган ўзгаришлар кўлами билан белгиланади. Халқаро экспертлар баҳоларига кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллектнинг жаҳон иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси 20 триллион долларга етиши мумкин. Рақамли иқтисодиётнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши эса ҳозирнинг ўзида 17 фоиздан ошган. Ўзбекистон “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасида миллий рақамли экотизимни изчил ривожлантирмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижаси сифатида рақамли хизматлар экспорти сезиларли даражада ошиб, 2025 йилда унинг ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди. Айни пайтда ҳисоблаш қувватлари ва маълумотларни қайта ишлашнинг замонавий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2026 йил июнь ойида IT Park ҳудудида қуввати 12 МВт бўлган “яшил” маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилишини молиялаштириш тўғрисида битим имзоланди.

Хитой, ўз навбатида, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида жаҳондаги етакчи давлатлардан биридир. Унинг ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш, интеллектуал ечимларни жорий этиш ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш борасидаги тажрибаси Ўзбекистон учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Рақамли ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, технологиялар алмашинуви ва инновацион ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Рақамли ипак йўли” ташаббуси икки томонлама ҳамкорлик учун қўшимча имкониятлар очмоқда. Экспертлар сунъий интеллектни саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, давлат бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўллаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.
Маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, рақамли хизматлар кўламини кенгайтириш, норматив-ҳуқуқий ёндашувларни такомиллаштириш ва киберхавфсизлик соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Янги имкониятлар билан бир қаторда, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллектдан ахлоқий меъёрларга мувофиқ фойдаланиш, меҳнат бозорининг ўзгариши ва илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятларидаги тенгсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳисобга олиш зарурлиги қайд этилди.
Иштирокчилар инновацияларни рағбатлантириш, рақамли муҳит хавфсизлигини таъминлаш ва ўз технологик компетенцияларини ривожлантириш имконини берадиган мувозанатли ёндашувнинг муҳимлигини таъкидлади. Йиғилиш давомида икки мамлакатнинг экспертлик ва илмий ташкилотлари ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шу нуқтаи назардан, Хитой томони Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва миллий инновацион экотизимни шакллантириш борасидаги ютуқларини юқори баҳолаб, профессионал алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда истиқболли ташаббуслар устида биргаликда ишлашдан манфаатдорлигини билдирди.

Йиғилиш якунлари бўйича Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашининг 2027 йилга мўлжалланган иш режасини имзолади. Ҳужжат экспертлар мулоқотини давом эттириш ва икки томонлама кун тартибининг устувор йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади. Шунингдек, Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашининг учинчи йиғилишини Пекинда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
ЎзА