Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қурилиш материаллари соҳасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилди
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Хитойнинг Sichuan Xinghe Green Environmental Building Materials Group компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда замонавий меъморчилик ва қурилиш соҳасида қўлланилаётган инновацион, сифатли, арзон, енгил ҳамда энергия тежамкор қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, ёғоч-полимер композит материаллар (ЁПК) ҳамда полимер композит материаллар (ПКМ) ишлаб чиқариш жараёнида стандартлаштириш, техник талабларни уйғунлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, ёғоч-полимер композит (ЁПК) — бу ёғоч чиқиндилари (қиринди, майда толалар ва ун) ҳамда полимер материаллар (пластик) асосида тайёрланадиган замонавий қурилиш материали бўлиб, у юқори мустаҳкамлик, узоқ хизмат муддати ва экологик барқарорлиги билан ажралиб туради. Полимер композит материаллар (ПКМ) эса икки ёки ундан ортиқ компонентларнинг бирикмасидан ҳосил бўлиб, анъанавий материалларга нисбатан енгиллиги, чидамлилиги ва самарадорлиги билан устунликка эга замонавий саноат маҳсулотларидан ҳисобланади.

Шунингдек, учрашув давомида ишлаб чиқариш технологияларини модернизация қилиш, маҳсулот сифатини халқаро талаблар даражасига етказиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, ўлчов воситаларини стандартлаштириш, экологик хавфсизлик талаблари ҳамда саноат санитарияси қоидаларига риоя этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришди.

Ш.Маматуропова, ЎзА