Ўзбекистон ва Германия: томонлар стратегик хомашё бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганмоқда
Мамлакатимизда стратегик минерал ресурсларни ўзлаштириш, уларни чуқур қайта ишлаш ва ушбу йўналишга замонавий технология ҳамда инвестицияларни жалб этиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил ривожлантирилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов Германиянинг “Mangold Consulting GmbH” компанияси раиси Клаус Мангольд бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида мамлакатимизнинг стратегик минерал ресурслар соҳасидаги салоҳияти, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ва истиқболли лойиҳалар ҳақида фикр алмашилди. Хусусан, Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг фаолияти, технологик металларни ўзлаштириш ва минерал хомашёни қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Учрашувда Германия томони ҳам “Ўзбекистон-Германия хомашё мулоқоти” мавзусида тақдимот ўтказди. Унда “Mercedes-Benz AG” компанияси вакиллари иштирок этиб, стратегик хомашё таъминоти, саноат кооперацияси ва инвестициявий шерикликни ривожлантириш бўйича ўз ёндашувларини тақдим этди.
Томонлар Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда стратегик ресурсларни қайта ишлаш бўйича янги имкониятларни атрофлича кўриб чиқди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, музокаралар якунида стратегик хомашё ва тоғ-кон саноати соҳасида истиқболли ҳамкорлик йўналишларини биргаликда ўрганиш, инвестициявий ташаббусларни шакллантириш ҳамда ўзаро мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА