Ўзбекистон ва Германия кўп қиррали ҳамкорликнинг мутлақо янги моделини яратмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 17 июнь куни рафиқаси ҳамроҳлигида расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Замонавий халқаро муносабатлар тизими жадал ўзгариб боряпти. Давлатларнинг ўзаро боғлиқлиги эса тобора ортиб бормоқда. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий стратегияси ўзининг очиқлиги, изчиллиги ва прагматик хусусияти билан катта натижаларга эришмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат яқин қўшнилар, балки дунёнинг етакчи тараққиёт марказлари билан ҳам ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатмоқда. Мана шундай ишончли, вақт синовидан ўтган ва юқори технологик шериклардан бири Германия Федератив Республикасидир.
Кейинги йилларда Европа Иттифоқининг етакчи давлатларидан бири саналган бу мамлакат билан алоқаларимиз бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик ўзининг ривожланиш тарихига эга. Бу давлат мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва дипломатик алоқаларни йўлга қўйган. Ўтган давр мобайнида сиёсий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олувчи мустаҳкам институционал пойдевор шакллантирилди.
Айниқса, кейинги йилларда олий даражадаги мунтазам ва изчил мулоқотлар икки томонлама муносабатларга бутунлай янги суръат бағишлади.
Ўзбекистон ва Германия иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи, яъни синергетик хусусиятга эга. Мамлакатимиз ўз экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига олиб чиқиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишга интилаётган бир пайтда, Германия ўзининг илғор технологиялари, инновацион ишланмалари ва юқори сифатли ускуналари билан энг мақбул шерик ҳисобланади.
Бугунги кунда юртимизда Германия сармояси ва капитали иштирокида кўплаб замонавий корхоналар фаолият юритмоқда. Германия компаниялари ўзбек бозорига нафақат маблағ, балки янгича корпоратив бошқарув маданияти ва юқори технологияларни олиб кирмоқда. Бу эса ички бозорда рақобатдош маҳсулотлар турини кўпайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш имконини беряпти.
Муносабатлар фақатгина рақамлар, заводлар ёки савдо айланмаси билан чекланиб қолмайди. Бу ҳамкорликнинг марказида, биринчи навбатда, инсон омили ва халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ришталар туради. Таълим ва фан соҳаси икки томонлама алоқаларнинг энг фаол ва жонли йўналишига айланган.
Олий мартабали меҳмон дастлаб “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиб, халқимизнинг озод ва фаровон ҳаёт йўлидаги эзгу интилишларини ўзида мужассам этган ушбу муаззам мажмуага юксак эҳтиром кўрсатди.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.

Ўзбекистон ва Германия давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирларига таништирдилар.
Маросим якунида биргаликда суратга тушилди, сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқалар ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти Германия Президентининг ўз мамлакати ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини изчил ривожлантиришга ҳамда ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни илгари суришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Икки томонлама мулоқот жадал тус олиб, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо-инвестиция соҳасидаги ҳамкорликда барқарор ижобий суръат кузатилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард доллардан ортиб, жорий йилнинг ўтган даврида яна 5 фоизга кўпайди. Германиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 2025 йилда 2 миллиард долларга етди.
Май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Германия иқтисодиёти кунлари ҳамда Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ўнинчи йиғилишининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбирлар якунида 1 миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари тўплами имзоланди.
Маданий-гуманитар алоқалар изчил мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 400 мингдан зиёд ёшлар немис тилини ўрганмоқда, 2 мингдан ортиқ талабалар Германиянинг етакчи университетларида таҳсил олмоқда. Ўтган йили илк бор икки мамлакат университетларининг форуми бўлиб ўтди.
Ўтган ҳафта немис университетлари консорциуми билан Самарқандда Ўзбекистон – Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолангани таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Давлат раҳбарлари саноат, энергетика ва “яшил” иқтисодиёт, транспорт ва логистика, тоғ-кон, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини қайд этдилар.
Етакчилар автомобилсозлик, маиший кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида янги қўшма лойиҳа ҳамда дастурлар ишга туширилаётганини олқишладилар. Тошкентда иккинчи Университетлар форуми ҳамда учинчи Ўзбекистон – Германия тиббиёт форумининг ўтказилиши қўллаб-қувватланди.
Томонлар минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама майдонларда, шу жумладан, “Марказий Осиё – Германия” формати доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Германия Федерал Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб бериши ҳамда муносабатларнинг барча жабҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини тасдиқладилар.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган ва янгиларини бошлашни режалаштираётган Германиянинг етакчи компаниялари вакилларини самимий қутладилар.
Икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистонда шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳаларни бажариш учун грант маблағлари ажратиш ва имтиёзли молиялаштиришни назарда тутувчи молиявий ҳамкорлик соҳасидаги келишувлар имзоланди.
Икки мамлакат етакчилари ҳузурида бир қатор қўшма инвестиция ва таълим лойиҳаларига старт берилди. Тошкент шаҳрида “Volkswagen” автомобилларини йирик узелли йиғишни ташкил этиш, Андижон вилоятида логистика марказини барпо этиш, суюқ маиший ювиш воситаларини ишлаб чиқариш, темир йўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳамда замонавий имтиҳон марказларини очиш каби лойиҳалар шулар жумласидан.
Ушбу ташаббусларни амалга ошириш саноат кооперациясини кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Олий даражадаги Ўзбекистон – Германия музокаралари якунида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Франк-Вальтер Штайнмайер дарахт экиш маросимида иштирок этдилар.

Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида экилган дарахт Ўзбекистон ва Германия халқлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик, ишонч ва ўзаро англашув ришталарининг рамзига айланиб, икки томонлама муносабатлар тарихида янги босқич бошланганининг тимсоли бўлади.
Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари