Ўзбекистон ва Франция ўртасида техник тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик кучайтирилади
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Жуманазаров Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук билан учрашув ўтказди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, бу эса турли соҳаларда янги имкониятлар яратаётгани қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ француз компанияси фаолият юритиб келмоқда. Улар энергетика, инфратузилма, экология, авиация, озиқ-овқат саноати ва туризм соҳаларида самарали иш олиб бормоқда. Жумладан, Orano, SUEZ, Veolia, Total Energies, Voltalia, EDF, Lactalis, Airbus, MND каби йирик халқаро компаниялар мамлакат иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Учрашувда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, грант ва техник кўмак дастурларини жалб этиш, халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.

Мулоқот давомида Франциянинг қатор ташкилотлари билан ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Франция стандартлаштириш ташкилоти (AFNOR) ва Франция миллий метрология институти (LNE) билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқ стандартларни уйғунлаштириш, миллий қонунчиликни халқаро талабларга мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг GSP+ тизими, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Франция тараққиёт агентлиги орқали грант ва техник ёрдам дастурларидан самарали фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув доирасида элчи Валид Фук Ўзбекистон миллий метрология институти лабораториялари фаолияти, эталонларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган техник база билан таништирилди. Элчи миллий лабораторияларда яратилган шароитлар, техник база ва эталонлар тизимини юқори баҳолади.
Учрашув якунида томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Франция ўртасида техник тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ш.Маматуропова, ЎзА