Ўзбекистон ва Буюк Британия: савдо, таълим, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик кучайтирилади
Танзаниянинг Аруша шаҳрида давом этаётган Парламентлараро иттифоқ (IPU)нинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Буюк Британия Парламенти Жамоатлар палатаси Спикери Линдси Хойл билан учрашув ўтказди.
Томонлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ташрифлар ва тажриба алмашишни кенгайтириш, шунингдек, савдо, таълим, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Т.Норбоева январь ойида Лондонга амалга оширган ташрифи доирасида Буюк Британия парламентининг ҳар икки палатаси раҳбарлари билан ўтказган учрашувлари самарали бўлганини қайд этди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида ташкил этилган «Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар» тадбири ҳамда қатор учрашувларни ташкил этишдаги кўмаги учун Британия томонига миннатдорлик билдирилди.
Буюк Британия парламенти вакилларининг Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро парламент тадбирларидаги фаол иштироки қайд этилди. Жумладан, парламент раҳбар аёллари форуми, Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамбалеяси ҳамда Ёш парламентарийлар форумида Буюк Британия вакиллари фаол қатнашди. Парламентаризм соҳасида ўзаро тажриба алмашишни давом эттириш ва ҳамкорликни амалий ташаббуслар билан бойитиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда таълим соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Буюк Британия университетларида 1,5 минг нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётгани қайд этилди. Президент мактабларини ташкил этиш ва илғор таълим тажрибаларини жорий қилишда британиялик мутахассисларнинг ҳиссаси, шунингдек, “British Council” лойиҳасининг аҳамияти таъкидланди.
Л.Хойл Лондонда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги иштирокини эсга олиб, ушбу тадбир мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг аҳамиятини намоён этганини қайд этди. “Савдо, таълим, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик соҳаларида яқин ҳамкорлик қилиш, мамлакатларимиз муносабатларини ривожлантириш жуда муҳим ва буни энг юқори даражага олиб чиқишимиз керак”, деди у.
Сенат Раиси Ўзбекистонда қўшма парламентлараро учрашув ёки тадбир ўтказиш таклифини илгари сурди ҳамда Линдси Хойлни мамлакатимизга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. Жамоатлар палатаси Спикери Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдириб, уни ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлаш ниятини маълум қилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА