Ўзбекистон ва Болгария ўртасида ахборот соҳасида стратегик шериклик мустаҳкамланмоқда
Бугун София шаҳрида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ва Болгария Электрон оммавий ахборот воситалари кенгаши (CEM) раиси Габриела Наплатанова ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги серқирра муносабатлар янги босқичга кўтарилаётгани ва бу алоқаларни янада ривожлантиришда замонавий медиа соҳасининг ҳиссаси алоҳида эканлигини қайд этишди.
Шунингдек, мулоқот давомида ахборот маконидаги глобал ўзгаришлар, сохта хабарларга (fake news) қарши биргаликда курашиш ҳамда холис ва тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, мамлакатларимиз ҳаётидаги муҳим воқеаларни кенг ёритишда ОАВ вакилларининг ўзаро тажриба алмашинувини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
– Бугунги шиддатли ахборот асрида давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик кўпригини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳар қачонгидан ҳам юқори, - деди ЎзА раҳбари. – Холис, ишончли ва тезкор ахборот алмашинуви нафақат медиа соҳасини ривожлантиради, балки мамлакатларимизнинг иқтисодий ва маданий алоқаларини кенг жамоатчиликка етказишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Ўз навбатида, Габриела Наплатанова ҳам медиа соҳасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталиб, замонавий ахборот маконини тартибга солишдаги муҳим жиҳатларни таъкидлади.
– Болгария ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг фаол ривожланаётгани медиа соҳасида ҳам янги имкониятларни очмоқда, – деди CEM раиси. – Бугунги кунда ахборот макони чегара билмайди. Шу боис, журналистикада касбий стандартларга амал қилиш, текширилган ва ишончли маълумотларни жамоатчиликка етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Болгария Электрон ОАВ кенгаши юртингизнинг етакчи медиа ташкилотлари билан тажриба алмашиш, мутахассислар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр.
Музокаралар конструктив ва дўстона руҳда ўтди. Мулоқотда шунингдек, CEM кенгаши аъзолари Симона Велева, Кадринка Кадринова ва Болгария ахборот агентлиги (БТА) бош котиби Юлия Соколова иштирок этди. Учрашув якунига кўра, медиа соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ахборот соҳасида ҳам изчил ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот ўрнида: Болгария Электрон оммавий ахборот воситалари кенгаши (CEM – Council for Electronic Media) ушбу ўлкада радио ва телевидение фаолиятини тартибга солувчи мустақил давлат органи ҳисобланади. Кенгаш миллий қонунчилик ҳамда Европа Иттифоқи стандартлари асосида сўз ва ахборот эркинлигини ҳимоя қилиш, ОАВда плюрализм (фикрлар хилма-хиллиги)ни таъминлаш ҳамда истеъмолчилар, айниқса, болалар ҳуқуқларини медиа маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш устидан назорат олиб боради.
Ўткир Алимов, ЎзА