Ўзбекистон ва Баҳрайн ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Манама шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Баҳрайн Қироллиги ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ҳамда Баҳрайн Қироллиги ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдулла бин Аҳмад Ал Халифа бошчилик қилди.
Тадбирда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар давомида минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Азиза Алимова, ЎзА