Ўзбекистон U17 терма жамоаси иштирок этаётган Осиё кубогида илк тур якунланди
Шу кунларда Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги Осиё кубоги бўлиб ўтмоқда. 22 май кунига қадар ўтадиган мазкур мусобақада гуруҳ босқичининг 1-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Дастлаб биз учун аҳамиятли бўлган “D” гуруҳидаги учрашувлар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Мусобақага ташланган қуръа натижасига кўра, Сергей Чигодаев қўл остидаги Ўзбекистон U17 терма жамоаси илк ўйинини Шимолий Корея термасига қарши ўтказиши керак эди. Бироқ, рақиб жамоа турнирда иштирок этмаётгани сабабли баҳс ўтказилмади. Гуруҳимиздаги Австралия ва Ҳиндистон учрашуви 4:0 ҳисобида ўз якунига етди.

Шу тариқа австралиялик футболчилар илк тур якунига кўра “D” гуруҳида 3 очко билан пешқадам бўлиб олди. Энди 2-турда 10 май куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон термалари ўзаро рақобатлашади. Австралия эса дам олади.

Осиё кубогининг “C” гуруҳида эса Вьетнам 1:0 ҳисобида Яманни таслим этди ва 3 очко тўплаб, гуруҳ пешқадамига айланди. Жанубий Корея ва БАА терма жамоалари эса 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, 2-3- ўринни банд этди. Гуруҳдаги иккинчи тур учрашувлари 10 май куни бўлиб ўтади. Унда Вьетнам – Жанубий Корея, БАА – Яман тўқнашувига гувоҳ бўламиз.

"B" гуруҳида кутилганидек, Япония 3:1 ҳисобида Қатарни, Индонезия 1:0 ҳисобида Хитойни таслим этди ва голлар нисбатига кўра ушбу жамоалар 3 очкодан тўплаб, 1-2-ўриндан жой олди. Мазкур гуруҳнинг иккинчи турида Хитой – Япония ва Қатар – Индонезия жамоалари рақобатлашади.

Турнир мезбони бўлган Саудия Арабистони "A" гуруҳидаги илк ўйинини Мьянма термасига қарши ўтказди. Ушбу ўйинда мезбонлар 4:0 ҳисобида зафар қучиб, гуруҳ пешқадамига айланди. Тожикистон эса 2:0 ҳисобида Таиландни мағлуб этди ва голлар нисбатига кўра 2-ўринни банд этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА