Ўзбекистон-Туркия: Тоғ-кон соҳасида инвестициявий ҳамкорлик кенгайтирилади
Мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида минерал-хомашё базасини кенгайтириш, истиқболли конларни ўзлаштириш ва фойдали қазилмаларни қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда хорижий компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов Туркиянинг “Nakkaş Holding” компанияси бош директори Меҳмет Али Исламоғлу бошчилигидаги делегация билан ўтказган учрашувида мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Таъкидлаш керакки, “Nakkaş Holding” 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, 20 дан ортиқ компанияни бирлаштиради. Холдинг нефть ва нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари, қайта тикланувчи энергетика, саноат, хизматлар ҳамда кончилик йўналишларида фаолият юритади. Компаниянинг кончилик соҳасидаги фаолияти “Nakkaş Madencilik” тузилмаси асосида амалга оширилади.
Мулоқотда “Nakkaş Holding”нинг истиқболли ҳудудларни ўзлаштириш жараёнларидаги иштироки, минерал ресурслар базасини кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида техноген чиқиндилар ва ағдармаларни қайта ишлаш бўйича лойиҳаларда компания иштирокини таъминлаш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА