Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида янги ташаббуслар билан чиқди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Алоқа соҳасидаги Ҳудудий ҳамдўстлик ва МДҲнинг Ахборотлаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг қўшма йиғилишида раис сифатида иштирок этди.
Йиғилишда халқаро телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан мувофиқлаштирилган фаолиятни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, 2026 йилда ўтказиладиган Халқаро электр алоқа иттифоқи Ваколатли конференциясига тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан 2028 йилда Самарқанд шаҳрида Телекоммуникацияларни стандартлаштириш бутунжаҳон ассамблеясини ўтказиш ташаббуси тақдим этилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз томонидан 2027–2030 йиллар учун ХЭИ Кенгаши ҳамда Радиорегламентар қўмитасига Ўзбекистон Республикаси номзодлари илгари сурилди.
Йиғилишда рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш, ногеостационар сунъий йўлдош тизимларини кенг жорий этиш ва уларни мобил алоқа тармоқлари билан интеграция қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналиш аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини юқори сифатли рақамли хизматлар билан таъминлаш, шунингдек, алоқа тармоқларининг барқарорлиги ва қамровини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Йиғилиш кун тартибининг асосий масалаларидан бири сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликка бағишланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан илгари сурилган Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама қилиниб, иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистоннинг халқаро телекоммуникация ва рақамли ривожланиш соҳасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланди ҳамда мамлакатимизнинг минтақавий рақамли ҳамкорликни шакллантиришдаги фаол роли алоҳида қайд этилди.
Якунда халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун АСҲҲ ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан вазир ҳамда вазирлик ва тизим ташкилотлари раҳбар ҳамда ходимлари орден, медаль, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА