Ўзбекистон Суперлигасининг кучли учлигида ўзгариш йўқ
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган сўнгги ўйин “Сўғдиёна" ва “ОКМК” клублари ўртасида ўтказилди.
“Сўғдиёна” марказий стадиони мезбонлик қилган мазкур ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Голларга Рубен Санчес (“ОКМК”) ва Сардорбек Ҳошимов (“Сўғдиёна”) муаллифлик қилди.
Шу тариқа, 21-тур баҳслари якунланди ва мусобақа жадвалида “Насаф” 46 очко билан яққол карвонбошилик қилмоқда. Қарши жамоасининг энг яқин таъқибчиси бўлган “ОКМК” эса 39 очко билан иккинчи ўринда бораётир. Учинчи ўринда бораётган “Сўғдиёна” ҳисобида 36 очко мавжуд бўлса, “Пахтакор” 35 очко билан тўртинчи поғонага жойлашган. “Навбаҳор” 30 очко жамғариб, кучли бешликни якунлади.
“Нефтчи” водий дербисидаги дурангдан сўнг 30 очко билан олтинчи поғонада қолди. Шунингдек, “Динамо” ва “Сурхон” клублари 26 очко билан кейинги поғоналарда қайд этилган бўлса, “Олимпик” 24, Қизилқум 23 очко тўплаб, кучли ўнликка жойлашди. Қуйи ўринларда “Андижон” ва “Бунёдкор” 22, “Локомотив” 18, “Металлург” 15 очко билан бормоқда.
Ҳозирда “Пахтакор” жамоаси сардори Драган Черан 13 та гол билан тўрурарлар жадвалида пешқадамлик қилмоқда. “Сўғдиёна” жамоаси аъзоси Люпчо Дориев 10 та гол билан иккинчи, “Динамо” аъзоси Анваржон Ҳожимирзаев 9 та гол билан учинчи ўриндан жой олган.
Дарвоқе, 21-турдан ўрин олган “Насаф” ва “Сурхон” учрашувини кузатиш учун “Марказий” стадионига 7 минг 571 нафар мухлис ташриф буюрди. Жами учрашувга келган мухлислар сони эса 22 минг 320 нафарни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Суперлигасининг 22-тур учрашувлари 25-28 октябрь кунлари ўтказилади. Унда “Сурхон” – “Локомотив”, “Навбаҳор” – “Металлург”, “Қизилқум” –“Пахтакор”, “Андижон” – “Олимпик”, “Бунёдкор” – “Сўғдиёна“, “ОКМК” – “Нефтчи”, “Динамо” – “Насаф” баҳслари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА