Ўзбекистон спорт делегацияси Пекинда
Ўзбекистон спорт делегацияси ишчи гуруҳ вакиллари кеча Тошкентдан Пекин шаҳрига етиб боришган бўлса, бугун 2 февраль куни эрта тонгда Қишки Олимпия ўйинларида қатнашадиган спортчимиз Комилжон Тўхтаев Италиянинг Милан шаҳридан Хитой пойтахтига етиб келди.
– Жуда ҳаяжондаман. 2018 йили Жанубий Кореяда ўтган Қишки олимпия ўйинларида ўзбекистонлик икки нафар спортчи қатнашгандик. Бу гал бир ўзимман. Масъулият икки ҳисса баланд. Давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Кайфиятим яхши. Эртадан олимпия ўйинлари ўтадиган Пекин яқинидаги Янцин шаҳарчасида машғулотларни давом эттираман,– дейди телефон орқали мулоқотда Комилжон Тўхтаев.
Хабар берганимиздек, спортчимиз 13 февраль куни гигант слалом, 16 февралда эса слалом дастурида ўз чиқишини намойиш этади. 4 февраль куни Пекин шаҳридаги “Қуш уяси” стадионида ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида дунёнинг 91 та давлат спортчилари қаторида Комилжон Тўхтаев Ўзбекистон байроғини олиб ўтади.
Таъкидлаш лозимки, ҳамюртимиз Қишки олимпия баҳсларида Халқаро чанғи федерацияси сертификатига эга бўлган Италиянинг машҳур VIST бренди либосларида иштирок этади.
Т. Рўзиев, ЎзА