Ўзбекистон сифат инфратузилмасини халқаро даражага олиб чиқишни жадаллаштирмоқда
Миллий сифат инфратузилмасини халқаро талабларга мувофиқ ривожлантириш Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда мамлакат UNIDO билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
QI4SD (Quality Infrastructure for Sustainable Development) индекси мамлакатда стандартлаштириш, метрология, аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш тизимининг қай даражада ривожланганини акс эттиради. Ушбу йўналишда юқори кўрсаткичларга эришиш маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларга чиқишида техник тўсиқларни камайтиради ва экспорт географиясини кенгайтиради.
Сифат инфратузилмасининг такомиллашиши ишлаб чиқарувчилар учун халқаро сертификатларни олиш жараёнини енгиллаштириб, маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширади. Бу эса экспорт ҳажмини кўпайтириш, янги инвестицияларни жалб қилиш ва саноат тармоқларида қўшимча қиймат яратилишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

UNIDO билан ҳамкорлик доирасида халқаро тажриба ва методологияларни жорий этиш Ўзбекистоннинг глобал таъминот занжирларидаги иштирокини кенгайтиришга, маҳсулот сифати бўйича ишончни мустаҳкамлашга ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ва узоқ муддатли ўсиши учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қирғиз Республикасида бўлиб ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро кенгаши (МГС)нинг 69-йиғилиши доирасида БМТнинг Саноат тараққиёти ташкилоти (UNIDO) ҳамда Ўзбекистон вакиллари ўртасида сифат инфратузилмаси индекси — QI4SD Index масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда мамлакатнинг миллий сифат инфратузилмасини халқаро мезонлар асосида баҳолаш, QI4SD Index рейтингидаги кўрсаткичларни яхшилаш ҳамда метрология, стандартлаштириш, аккредитация, мувофиқликни баҳолаш ва сифат сиёсати соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар замонавий ва самарали сифат инфратузилмаси мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда маҳсулот ва хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашув давомида QI4SD Index рейтингида юқори натижаларга эришиш мақсадида институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш, техник ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, миллий сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида янада ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, UNIDO экспертлари томонидан QI4SD Index методологияси, баҳолаш мезонлари ҳамда мамлакатнинг рейтингдаги кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган амалий тавсиялар тақдим этилди. Мутахассислар халқаро тажрибани кенг жорий этиш ва миллий тизимни илғор амалиётлар асосида такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва UNIDO ўртасида сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, техник ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мазкур йўналишдаги қўшма ташаббусларни изчил давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.
Қайд этилишича, сифат инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА