Ўзбекистон шишасозлигига Россияда катта қизиқиш
Қубо (хозирги Қува) тепалигида археологлар тарихи 3 минг йиллик шиша идишлар топди. Қизиғи шундаки, улар ғоят нозик, қолаверса, рангли ҳам эди.
Ҳа, юртимизда шишасозлик қадим-қадимдан мавжуд бўлган ва аждодларимиз ноёб санъат усталари сифатида шарқу ғарбга ном чиқарган.
Бугун ҳам бу анъана давом этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши доирасида Фарғона вилоятига ташриф буюрган меҳмонлар вилоятнинг йирик саноат корхоналаридан бири – Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятида Фарғоналик шишасозлар ҳузурида бўлди.
1975 йилда фойдаланишга топширилган мазкур корхона бугунги кунда Марказий Осиёда листли ва рангли шиша маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхоналаридан бирига айланган.
Меҳмонларга корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлари, маҳсулот турлари ҳамда экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Корхонада Европа ускуналари билан жиҳозланган, суткасига 200 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга флоат линияси фаолият кўрсатади. Унинг йиллик лойиҳа қуввати 10 миллион квадрат метрни ташкил этади. Мазкур линия орқали турли ранг ва ўлчамдаги листли шишалар ишлаб чиқарилади.
400 тонна қувватга эга яна бир линияда эса силлиқланган шишалар тайёрланади. Ушбу линиянинг йиллик лойиҳа қуввати 22 миллион квадрат метрга тенг.
Корхонада шаффоф, оч яшил, жигарранг, кулранг ва қора тусдаги шишалар ҳам ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, “Кварц” АЖда турли шакл ва дизайндаги шиша идишлар – бутилка ва банкалар буюртма асосида тайёрланади. Корхона маҳсулотлари ички бозор эҳтиёжларини таъминлаш билан бир қаторда, хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинади. Турли нуфузли кўргазмаларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Ташриф давомида меҳмонларга шиша идишларнинг мустаҳкамлиги ва чидамлилиги амалий тарзда намойиш этилди. Россия ишбилармон тадбиркорлари “Кварц” билан ҳамкорлик масалаларини ўртага қўйди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА