Ўзбекистон – Сербия: дўстликдан стратегик шериклик сари
Янги имкониятлар, янги ташаббуслар ва амалий ҳамкорлик истиқболлари
Бугунги глобаллашув ва жаҳон иқтисодиётида кескин рақобат кучайиб бораётган бир шароитда ҳар бир давлатнинг ташқи сиёсатида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва ишончли шериклар билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон ҳам очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиб, дунё давлатлари билан дўстона, ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантириб келмоқда. Айниқса, Европа мамлакатлари билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатларнинг тобора ривожланиб бораётгани эътиборга лойиқ. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари, ўзаро ташрифлар ва турли халқаро тадбирлар доирасидаги учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ишончни янада мустаҳкамламоқда.
2025 йил октябрь ойида Сербия Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим воқеа бўлди. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун мустаҳкам асос яратди. Жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга расмий ташрифи Ўзбекистон–Сербия муносабатларидаги изчилликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг Белград шаҳрига расмий ташриф билан етиб келиши Сербия томонидан юксак ҳурмат ва катта эътибор билан кутиб олинди. Ўзбекистон Президенти самолётига Сербия ҳаво ҳудудида ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларининг ҳамроҳлик қилиши, икки давлат байроқларининг кўтарилиши ва пойтахт кўчаларининг Ўзбекистон давлат рамзлари билан безатилиши ташрифнинг сиёсий аҳамияти нечоғлик юқори эканини кўрсатди.
Ҳар қандай сиёсий мулоқотнинг ҳақиқий самараси унинг амалий натижаси билан белгиланади. Шу жиҳатдан Президентимиз ташрифи доирасида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани жуда муҳим. 8 сентябрь куни икки давлат ҳукуматлараро комиссияларининг иқтисодий ҳамкорлик бўйича йиғилиши ўтказилди. Мазкур мулоқот майдони Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги мавжуд келишувларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантириш, янги ўсиш нуқталарини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда икки давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва мавжуд имкониятларини ҳисобга олсак, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш учун катта захиралар мавжуд. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида энергетика, инвестициялар, инновациялар, IT хизматлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, саноат кооперацияси, фармацевтика, тўқимачилик ҳамда спорт каби соҳалар устувор йўналишлар сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас.
Айниқса, инновациялар ва IT хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан бири, деб ҳисоблайман. Бугун рақамли технологиялар нафақат иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи, балки барча соҳалар тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон ва Сербиянинг технологик салоҳиятини бирлаштириш янги лойиҳалар, стартаплар, рақамли хизматлар ва инновацион ишланмалар учун кенг имкониятлар яратиши мумкин. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласининг муҳокама қилингани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бевосита авиақатновлар йўлга қўйилиши мамлакатлар ўртасида одамлар ҳаракатини енгиллаштириш билан бирга, бизнес алоқаларини кенгайтириш, сайёҳлик оқимини ошириш, таълим ва маданий муносабатларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Томонларнинг ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олгани эса ҳамкорликнинг бир марталик эмас, балки узоқ муддатли ва тизимли характерга эга эканини кўрсатади. Сербиянинг Ўзбекистон учун аҳамиятини фақат икки томонлама муносабатлар билан чеклаб бўлмайди. Мамлакатнинг Болқон минтақасидаги ўрни, саноат ва технологик салоҳияти ҳамда Европа иқтисодий макони билан алоқалари Ўзбекистон учун янги имкониятларни тақдим этади. Ўзбекистон учун Европа билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш ва янги бозорларга чиқиш устувор вазифалардан биридир.
Ташриф доирасида Сербия Президенти Александр Вучичнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга “Шавкат Мирзиёев докторинаси” номли китобнинг серб тилидаги махсус нашрини совға қилгани ҳам эътиборли воқеа бўлди. Китобнинг серб тилида нашр этилгани Сербияда Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий қарашларига қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.
Бу оддий совғадан кўра кенгроқ маънога эга. Зеро, китоб халқлар ўртасидаги маънавий кўприкдир. Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни серб тилида ўқиш имконияти Сербия жамоатчилигининг мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиёт жараёнлари ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлишига хизмат қилади.
Бугун Ўзбекистон–Сербия муносабатларида мустаҳкам пойдевор шаклланган. Энди асосий вазифа ана шу пойдеворни аниқ ва самарали лойиҳалар билан бойитишдан иборат.
Энг муҳими, бугунги келишувлар эртага янги инвестициялар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, технологик лойиҳалар, янги иш ўринлари ва экспорт имкониятларига айланиши керак. Ўзбекистоннинг ҳар бир ташқи ҳамкорлиги, аввало, халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши зарур, деб ҳисоблайман. Чунки ташқи сиёсатнинг куч-қудрати унинг юксак мақсадларида эмас, балки инсонлар ҳаётида сезиладиган амалий натижаларида намоён бўлади.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
ЎзА