Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига янги раис сайланди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган Спорт вазирлиги мажлислар залида Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари, делегатлар, соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда федерациянинг 2025–2026 йиллардаги фаолияти юзасидан масъулларнинг ҳисоботи эшитилди.
Шунингдек, федерация раҳбарияти таркибига ўзгартиришлар киритиш, федерация раисини сайлаш ҳамда Ижроия қўмита таркибини янгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Билдирилган таклиф ва фикрлар асосида Умид Якубов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси этиб сайланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда профессионал боксни янада ривожлантириш, халқаро майдонда рақобатбардошликни ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Профессионал боксчиларимиз Исроил Мадримов WBA ва WBO йўналишларининг биринчи ўрта вазн тоифасида кучли бешликдан жой олган бўлса, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Баҳодир Жалолов, Лазизбек Муллажонов, Нурислом Исмоилов, Бектемир Мелиқўзиев, Ҳасанбой Дўсматов, Отабек Холматов каби боксчиларимиз жаҳон рейтингларида юқори поғоналардан ўрин эгаллагани қайд этилди.
Тадбир давомида профессионал бокс регламентига ўзгартириш киритиш, профессионал боксчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро мусобақаларда иштирокига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Конференция якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА