Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэр билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Тони Блэр раҳбарлик қилаётган Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Собиқ бош вазир Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юксак баҳолаб, уларни амалга оширишда эксперт-маслаҳат кўмагини таклиф этишга тайёрлигини билдирди.
Институт билан биргаликда транспорт йўлакларини ривожлантириш, янги бозорларга чиқиш, халқаро тўлов тизимларини жорий этиш, инвестиция сиёсати самарадорлигини ошириш ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шерикликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш учун тегишли идоралар экспертлари даражасида қўшимча учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.