Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг плей-оффга чиқиш тақдири бугун ҳал бўлади
Қатарда футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтди.
«Е» гуруҳида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Италияга қарши баҳсда 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада италияликлар 9 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Кот-д’Ивуар Ямайкани 3:1 ҳисобида енгиб, 6 очко билан иккинчи поғонадан жой олди.
Футболчиларимиз 3 очко билан гуруҳни учинчи ўринда якунлаган бўлса-да, мусобақани давом эттириш имкониятини сақлаб қолди. Ямайка эса учала учрашувда ҳам мағлуб бўлиб, очкосиз қолди.

«F» гуруҳида Хорватия Куба дарвозасига жавобсиз 7 та тўп киритди. Тожикистон ва Сенегал ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Шу тариқа, Хорватия 7 очко билан биринчи, Сенегал 5 очко билан иккинчи, Тожикистон эса 4 очко билан учинчи ўринни эгаллади. Куба мусобақани очкосиз якунлади.
«G» гуруҳида Бельгия ўсмирлар терма жамоаси Янги Зеландияни 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Мали эса Вьетнамдан 2:0 ҳисобида устун келди. Учала учрашувда ҳам ғалаба қозонган Мали 9 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Бельгия 6 очко билан иккинчи ўринни банд этди. Вьетнам ва Янги Зеландия 1 очкодан жамғарган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра Вьетнам учинчи поғонани банд этди.
«H» гуруҳида Испания ва Марокаш баҳси 2:0 ҳисобида тугади. Хитой эса Фижи дарвозасига жавобсиз 8 та тўп киритди. Шу тариқа, Испания термаси 9 очко билан биринчи ўрин соҳиби сифатида кейинги босқичга чиқди. Дарвоқе, испанлар гуруҳ босқичида рақиблари дарвозасига жами 22 та гол уриб, ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп ўтказмади. Марокаш ва Хитой 4 очкодан жамғарди. Тўплар нисбатига кўра Марокаш иккинчи, Хитой учинчи бўлди. Фижи эса очкосиз қолди.

Гуруҳлардаги натижалардан сўнг учинчи ўрин соҳиблари ўртасидаги рақобат ҳам қизғин тус олди. Ҳусусан, Уругвай 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Мозамбик, Хитой, Эквадор ва Тожикистон ҳисобида 4 очкодан бор. Ўзбекистон эса 3 очко ва мусбат тўплар нисбати (+1) билан мусобақани давом эттириш учун имконият сақлаб турибди.
Мусобақа регламентига кўра, 12 та гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасидан энг яхши натижа кўрсатган саккизтаси 1/16 финалга йўл олади. Шу боис ҳамюртларимизнинг кейинги босқичга чиқиш имконияти бугунги учрашувлар натижаларига ҳам боғлиқ.
27 ноябрь куни гуруҳ босқичининг сўнгги туридан ўрин олган саккизта учрашув бўлиб ўтади. Дастлаб «L» гуруҳида соат 18:00 да Гондурас — Япония ва Колумбия — Сербия баҳслари ўтказилади. «I» гуруҳида соат 19:00 да Коста-Рика — Бразилия ҳамда Ирландия — Танзания учрашувлари бошланади.
«J» гуруҳида соат 20:00 да Жазоир — Доминикан Республикаси, Черногория — Чили жамоалари майдонга тушади. «K» гуруҳида эса соат 21:00 да Венесуэла — Мексика ва Руминия — Камерун учрашувлари бўлиб ўтади.
Бугунги баҳслардан кейин гуруҳ босқичи тўлиқ якунланади. Шундан сўнг учинчи ўрин соҳиблари ўртасидаги якуний рейтинг шаклланади ва Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг кейинги босқичга чиқиш-чиқмаслиги маълум бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА