Ўзбекистон – Нидерландия: экспорт ва фитосанитария тизимида илғор ёндашувлар
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва халқаро бозорларга чиқишда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, илғор тажрибага эга давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон учун устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев Нидерландия Қироллиги карантин хизмати вакили Лианна Керсберген бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасида ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро савдода фитосанитар хавфсизликни таъминлаш ҳамда илғор тажрибалар алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Нидерландия томони фитосанитар назоратда қўлланилаётган замонавий ёндашувларни — хавфларга асосланган назорат тизими, рақамли сертификатлаш (e-Phyto), чегара масканларида кинология хизмати, Марказий фитосанитар лабораторияси ва кўчма лабораториялар, шунингдек агротаҳлиллар ўтказишга мўлжалланган мобил лабораториялар фаолиятини юқори баҳолади.
Шунингдек, Марказий экспорт штабида бўлиб ўтган учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги экспорт салоҳияти билан яқиндан танишди. Улар мамлакатимиздан Нидерландияга мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишга қизиқиш билдириб, айниқса, маҳаллий лимон навларининг сифати ва таъмини алоҳида эътироф этди.
Музокаралар давомида ўсимликлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт маҳсулотларини сертификатлаш, халқаро бозорларга чиқариш, уруғлар импорти ва фитосанитар талабларни мувофиқлаштириш, шунингдек олма ва данакли мевалар бўйича фитосанитар хавф таҳлилини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Нидерландия аграр маҳсулотлар экспорти бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда юқори технологияли қишлоқ хўжалиги, ривожланган логистика ва қайта экспорт модели шаклланган. Шу боис, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон маҳсулотларининг Европа бозорига чиқиш имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистондан Нидерландияга 2,6 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот экспорт қилинган бўлса, 2026 йил апрель ҳолатига кўра бу кўрсаткич 1,2 минг тоннага етган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА