Ўзбекистон – мушакли қор қоплони
Венгрия Ўзбекистон учун Европадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланаётган дўст давлатлардан бири саналади. Ўзбекистон – Венгрия муносабати истиқболи 32 йиллик тарихга эга, ўзаро дипломатик алоқа 1992 йил 3 мартда йўлга қўйилган.
“Халқаро минбар” номли янги лойиҳамизда хорижий экспертлар мулоҳазаларини бериб бориш, глобал мавзуларда сўз юритиш, қиёсий таҳлил, сиёсатшунослар билан жонли мулоқотлар уюштиришни ният қилганмиз.
Илк меҳмонимиз – венгриялик ёзувчи, журналист, нуфузли “Герцог Ференц” мукофоти совриндори Патаки Тамас “Ўзбекистон – мушакли қор қоплони” номли мақоласини ЎзАга тақдим этди.
Муаллиф ҳақида

Патаки Тамас 1991 йил Венгрияда туғилган. “Eötvös Lorаnd” университетида тарих ихтисослиги бўйича ўқиган.
Фаолиятини “Magyar Idők” кундалик ижтимоий-сиёсий газетасида мухбирликдан бошлаган. 2019-2022 йиллар “Magyar Nemzet” журнали маданият бўлими муҳаррири бўлиб ишлаган. Айни пайт Будапештда нашр этиладиган “Magyar Demokrata” масъул муҳаррири.
Ёзувчи сифатида унинг “Ўғирлаб кетилган Венгрия”, “Турк ҳилоли”, “Венгрия қайтди”, “Ракосмезо ва Киралидомб ҳикояси” китоблари чиққан. 2018 йил чоп этилган “Абсинте қонга айланади ва шайтонни отга айлантиради” романи Венгрия Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Йилнинг энг яхши насрий асари” мукофотига лойиқ кўрилган.
Патаки Тамас Венгрия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ўтмишдан келажакка
Бугун Ўзбекистон минтақавий куч мақомига интилмоқда ва бунинг учун хорижий инвесторлар, жумладан венгрларни ҳам қучоқ очиб кутиб олмоқда. Қадим тарихга эга, ислом-турк цивилизациясига мансуб тарихий Трансокания шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Кеш билан машҳур Марказий Осиёнинг бу давлати очиқ прагматик сиёсат олиб бормоқда.
Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Ўзбекистон – Венгрия иқтисодий форумида бир хушхабар айтди: Будапешт ва Тошкент ўртасида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво рейси йўлга қўйиляпти. Ўзбекистоннинг “Қанот Шарқ” авиакомпанияси парвозни ҳафтада дастлаб бир, кейин икки бора амалга оширади.
Ўтмиш жозибасига қизиқувчилар учун маълумот: Тошкентдан қадимий Самарқандга тез юрар поездда икки соатда етиб бориш мумкин. Ўтган йил декабрь ойидан бошлаб “Wizz Air” авиакомпанияси Самарқандга ҳам тўғридан-тўғри рейс қўйди. Айтиш мумкинки, бир вақтлар дунёдан жуда олислаб кетган Ўзбекистон яна халқаро ҳамжамиятга қайтди. Демак, 2016 йилдан буён туб ислоҳотга киришган мамлакатни кашф қилмоқчи бўлган ҳар бир киши бемалол самолёт чиптасини сотиб олиши мумкин. Гап шундаки, Ўзбекистонда туристик мақсад билан 30 кун визасиз саёҳат қила оласиз.
Шуни ҳам унутмаслик керак, генетик тадқиқотга кўра, Арпадлар оиласи шу ерлардан тарқалган, уларнинг номи ҳам айни ҳудудга ишора қилади. Тарихчилар томонидан Венгрия – Арпадлар давлатида яшаган мусулмон жамоаларининг бир бўлаги бўлган “кализлар” – хоразмликлар, деган тахмин илгари сурилади. Венгриянинг биринчи қироли Гезанинг асл исми Гейcса ҳам шу ҳудудга ишора қилади.

Ўрта Осиё туркий халқларининг аксарияти – ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва қорақалпоқлар биз, венгрларни узоқ қариндош, деб ҳисоблайдилар. Улар халқимизнинг хун-авар, хун-қипчоққа оид муносабатларини яхши билишади. Шунинг учун ҳам бу ҳудудлардаги кўп одамлар венгрлар ҳам туркча гаплашишларига ишонади. Ҳар ҳолда қардошлик риштаси барча соҳалардаги ҳамкорликнинг хамиртуруши бўлиб, мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи сифатида қатнашаётгани туфайли Венгрия – Марказий Осиё муносабати ривожи ўзгача изчиллик касб этмоқда.
Венгриянинг Тошкентдаги элчихонаси 2016 йилдан бери фаолият кўрсатади. 2023 йил Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилди. Венгрия маҳсулотлари бу юртда жуда қадрланади. Кекса авлод вакиллари “Глобус” консерваси, “Икарус” автобуси, венгр виноларини яхши эслайди.
Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида учрайдиган қор қоплони жуда ноёб ёввойи ҳайвон. Мен Ўзбекистонни, қайсидир маънода, ўша афсонавий, мушаклари бақувват жониворга менгзайман.
Республика Марказий Осиёда пешқадамлиги, минтақанинг барча мамлакатлари билан чегарадошлиги билан, шунингдек аҳолиси энг зич жойлашган давлат сифатида алоҳида ўрин тутади.
Энергия ресурсларига бой Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича ер юзида 18-ўринни эгаллаган, йирик нефть захирасига эга. Бундан ташқари, дунёдаги еттинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи, уран захираси бўйича ҳам етакчи. Венгрия атом энергетикаси тажрибаси нуқтаи назаридан мамлакат эътиборидан четда эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев тизимни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан сезиларли даражада эркинлаштириб, энди қўшнилар ва ривожланган давлатларга нисбатан, аввалгидан кўра анча очиқ, фаол ташқи сиёсат юритмоқда. 2017 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдо айланмаси бир ярим баробар ошди, Жаҳон банкининг “ишбилармонлик муҳити сифати” рейтингида мамлакат 2023 йил 69-ўринга кўтарилди. Ҳукумат солиқ қонунчилигини соддалаштирди, тўғридан-тўғри хорижий капитал қўйилмаси бўйича ҳам дадил илдамламоқда. Шу маънода, “Қор қоплони” мушакларини кучайтириб, минтақада етакчилик сари интилмоқда.
Венгрия экспорти
Венгрия Ўзбекистон билан муносабатни жонлантираётган Марказий Европанинг ягона давлати эмас. Экспорт кўрсаткичига назар ташласак, қўшниларимиз, деярли, барча муносабатларда мамлакатимиздан ўзиб кетганини кўриш мумкин. Бинобарин, Венгриянинг ҳам Ўзбекистонга экспорти ўтган йилга нисбатан 36 фоиз кўпайиб, 100 миллион доллардан ошди.

Энди икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқа янадан жадаллашади. Муносабатлар чуқурлашиши суръатига ёрқин мисол сифатида Виктор Орбаннинг 2021 йил март ойи охирида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифини келтириш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама манфаатли музокаралар ўтказилган Тошкент учрашувида Ўзбекистон ва Венгрия стратегик шериклиги тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда икки давлатнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Ташриф доирасида давлат раҳбарлари фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, картошка етиштириш ва бошқа соҳаларда бир қатор лойиҳаларни йўлга қўйиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Янгича руҳдаги шерикликнинг энг муҳим ютуқларидан бири сифатида Венгрия “ОTP Bank”и Ипотека-банк акцияларининг 75 фоизини сотиб олганидир. Бу лойиҳа можар компанияларини шу заминда бизнес юритишга ундайди, чунки улар эндиликда Венгрияга тегишли банкда ҳисоб-китоб юритишлари мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон аҳолиси тез ўсиб бориши замонавий восита ва хизматларга эҳтиёжи ортаётган, кенгайиб бораётган бозорни англатади.
Венгрия – Ўзбекистон стартап дастури доирасида аллақачон тўққизта қўшма лойиҳа ишга туширилди. Венгрия бозори иштирокчилари, жумладан қўшма корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022-2023 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастури белгиланди. Ўтган йил учинчи чоракда бошланғич капитали 50 миллион доллар бўлган Венгрия – Ўзбекистон хусусий капитал фонди ташкил этилди, кейинчалик бу кўлам 200 миллион долларга етказилади.
Ўзбекистоннинг мақсади имкон қадар кўпроқ хорижий инвестиция жалб этиш орқали ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқариб, Европа бозорига чуқур кириб боришдир. Венгрия – Ўзбекистон иқтисодий муносабатидаги ҳамкорликнинг яна бир асосий, салоҳиятли йўналиши қишлоқ ва сув хўжалиги бўлиб, бу борада ҳам муваффақият яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистоннинг ичимлик ва оқова сув тизимини Венгрия кўмагида яхшилаш кўзда тутилган. Шу сабабли, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмага сармоя киритишда Венгриянинг билими, кўникмаси асқотиши мумкин.
Патаки Тамас,
ёзувчи, журналист,
халқаро “Герцог Ференц” мукофоти
соҳиби (Венгрия)
ЎзА