Ўзбекистон – миллий қадриятлар улуғланган юрт
Наманган давлат педагогика институтида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми ҳамда qadriyatim.uz платформасининг тақдимоти ўтказилди.
Миллий ўзликни англаш, тарихий меросни асраш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган мазкур тадбирда Наманган вилояти ҳокимлиги, тегишли бошқарма, ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари, ёзувчи-шоирлар, журналистлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан нашрдан чиқарилган “Миллий қадриятлар атласи” китоби юртимиздаги барча ҳудудлар, турли элат ва миллатларнинг бой урф-одатлари, қадимий анъаналари, маросимлари ва маънавий меросини ўзида мужассам этган ноёб тўпламдир. Унда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос маданияти, халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий либослари, таомлари, байрамлари ва урф-одатлари батафсил ёритилган.
Китобда Ватанимизни ягона ва аҳил умуммиллий уй сифатида улуғлаш, турли миллат ва элатлар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ғояси асосий ўрин эгаллаган. “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу тамойил асар мазмунида чуқур ифодасини топган. Аҳамиятлиси, китобдаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилган.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, Наманган давлат педагогика институти ректори Баҳодир Ҳусанов, Наманган давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Исҳоқов ушбу китоб тақдимоти эртамиз эгаларини миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, аждодларга эҳтиром туйғуларини шакллантиришда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Атласда жамланган материаллар асосида qadriyatim.uz – “Миллий қадриятлар атласи” электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, у доимий янгиланиб бориладиган, интерактив функцияларга эга. Чет эл фуқаролари ва хориждаги ватандошлар учун Ўзбекистон маданияти, миллий қадриятлари, моддий ва номоддий маданий мероси ҳақида хорижий тилларда холис ва ишончли маълумот бериб боради. Шунингдек, миллий маданий меросни рақамли форматда сақлаш ва тарғиб қилишга хизмат қилувчи ягона ахборот базаси вазифасини ўтайди.

Тадбирда институтнинг санъаткор-олимлари томонидан ижро этилган миллий руҳдаги дилрабо тароналар иштирокчиларга кўтаринки завқ бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.