Ўзбекистон миллий космик дастурни шакллантирмоқда (+видео)
Бугунги кунда мамлакатимизда космик соҳани ривожлантириш, миллий илмий салоҳиятни янада оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Фанлар академияси ва “Ўзбеккосмос” агентлиги ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда илк космонавтимизнинг парвози учун миллий космик дастурни шакллантириш устида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулованинг таъкидлашича, бугунги кунда космик тадқиқотларда дунёнинг етакчи олимлари иштирок этмоқда. Жумладан, биолог, кимёгар ва материалшунослар космик муҳитда турли экспериментлар ўтказмоқда. Шу боис, Ўзбекистон ҳам ўз космик дастурини шакллантиришни бошлади. Бу борада Россия ва АҚШ олимлари билан ҳамкорликда тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.
Дастурни ишлаб чиқишда икки асосий йўналишга эътибор қаратилмоқда. Биринчиси — халқаро космик дастурларда иштирок этиш орқали тажриба орттириш. Иккинчиси эса миллий космик дастурни шакллантириш ва ривожлантириш. Айниқса, экологик масалалар, табиий ресурсларни космик мониторинг қилиш, шунингдек, биология соҳасидаги илмий тадқиқотлар устувор аҳамият касб этмоқда. Космик гравитация шароитида генетик ўзгаришларни ўрганиш ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, космонавтлар организми илмий тадқиқотларда алоҳида объект сифатида қаралмоқда. Узоқ муддатли парвозларда инсон саломатлигини сақлаш учун метаболизмни яхшилашга қаратилган доривор препаратлар ва илғор ҳужайра технологияларини қўллаш режалаштирилган. Бу эса организмнинг тикланиш қобилиятини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, космик дастур доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Генетик олимлар томонидан яратилган янги навлар ва генетик ўзгартирилган ўсимликларни космик шароитда синовдан ўтказиш режалаштирилган. Бу тадқиқотлар узоқ муддатли космик миссияларда озиқ-овқат таъминотини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EsoxM9HRYWU" title="O‘zbekiston milliy kosmik dasturni shakllantirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео), У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА