Ўзбекистон “Mastercard Tourism Innovation Hub”га қўшилди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессияси доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда “Mastercard” глобал тўлов тизими раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкорликни эълон қилдилар ва вазирликнинг “Mastercard” туризм инновацион маркази (Mastercard Tourism Innovation Hub)га қўшилишини назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини тасдиқладилар.

Ҳужжатни вазир A.Aбдуҳакимов ва “Mastercard” компанияси стратегик ривожланиш бўйича ижрочи вице-президенти Никола Вилла имзолади.
– “Mastercard” билан битим қабул қилиниши муҳим воқеа, – деди Aзиз Aбдуҳакимов. – Бу келишув бизга тўлов инфратузилмасини яхшилаш баробарида маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун қулайлик яратиш бўйича илғор тажрибани, харажат ва сайёҳлик оқими бўйича таҳлилий маълумотларни ўрганиш имконини яратади. Шунингдек, дунёнинг 200 дан зиёд мамлакати, минтақасида “Mastercard” хизматидан фойдаланаётганлар орасида Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш учун кенг истиқбол очади.
Николя Виля Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик режаси хусусида шундай деди:
– Туризм саноатини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйиляпти. Ниҳоятда бой маданий мероси, диққатга сазовор жойлари бисёр бу гўзал мамлакат улкан салоҳиятга эга. Биз мавжуд технологик платформа, илғор тўлов ечими, халқаро тажриба ва маълумот таҳлили бўйича кенг ваколат сингари турли имкониятларимиз ёрдамида Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшишдан мамнун бўламиз.

Таъкидлаш жоиз, “Mastercard” туризм инновациялари маркази Ўзбекистондаги вазирлик, идоралар, ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳукумат, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, туризм корхоналари учун қўшма рақамли ечимлар ишлаб чиқади. Саёҳатчилар, кичик бизнес объектлари учун хавфсиз, ишончли ва қулай тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш, Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш тенденциясини кузатиш, стратегиялар ишлаб чиқиш учун таҳлилий маълумот тақдим этиш, қўшма тадқиқот ўтказиш ва илғор жаҳон тажрибасини алмашиш ҳам ҳамкорлик йўналишларига киради.
Тўлов ва технология соҳасидаги етакчи глобал компаниялардан бири ҳисобланган “Mastercard” ҳозир 60 дан ортиқ мамлакатда тўловни рақамлаштириш орқали иқтисодий ўсиш ва ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган 1600 дан кўп давлат лойиҳаларини бошқаради.
Ў.Алимов, ЎзА