Ўзбекистон логистика самарадорлиги индикаторларида Марказий Осиё бўйича етакчи ўринларни эгаллаган
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг 11-мақсади Барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойларига бағишланган бўлиб, шаҳар ва аҳоли пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги, мустаҳкамлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадлари кўзда тутилган. Жумладан, жамоат транспортидан қулай фойдаланиш имкониятига эга аҳоли улушини ошириш мақсадларини ҳам ўз ичига олади.
Бу борада мамлакатимизда жамоат транспортидан қулай фойдаланиш имкониятига эга аҳоли улуши 2000 йилдаги 65,3 фоиздан 2025 йилда 92,5 фоизга етган. 2019-2025 йилларда жами 4 минг 405 та замонавий автобус ва электробус, шу жумладан 763 та электробус харид қилинган. Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракат интервали 2 баробаргача қисқартирилган. 2016-2026 йилларда метрополитен линияларининг умумий узунлиги 38 км дан 70,8 км га, бекатлар сони 29 тадан 50 тага етказилган.
Жаҳон банкининг логистика самарадорлиги индикаторларининг айрим кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган давлатлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринларни эгаллаган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Транспорт вазирлигининг “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича соҳада тизимли ишларни ташкил этиш ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Маълум қилинганидек, вазирлик миллий мақсадларнинг 9 ва 11-мақсадлари доирасида юк ва йўловчи ташиш ҳажми ҳамда жамоат транспортидан қулай фойдаланиш имкониятига эга аҳоли улуши индикаторлари ижроси учун масъул ҳисобланади. Жорий 9 ойда барча транспорт турларида юк ва йўловчи ташиш ҳажмлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошган.
Эшитувдаги муҳокамаларда ҳудудларда жамоат транспорти хизматлари сифати ва қамровини ошириш ҳамда миллий кўрсаткичларнинг халқаро маълумотлар базаларида ўз вақтида ва тўлиқ акс эттирилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, импортдаги авиация юкларининг аэропортда туриш вақтини қисқартириш, почта жўнатмаларини ҳудудларга етказиб беришдаги кечикишларни бартараф этиш учун почта логистикасида рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги таклиф этилди. Шу билан бирга, БРМ индексида мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА