Ўзбекистон кубоги иқтидорли волейболчиларни кашф этади
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ўйин спорт турлари мажмуасида волейбол бўйича U18 ёш тоифаси жамоалари ўртасида ўтаётган Ўзбекистон кубогининг биринчи кунги баҳслари ортда қолди.
Қизиқарли кечган ўсмир-ёшлар мусобақаларида қуйидаги натижалар қайд этилди:
Сурхондарё-Фарғона-3:1, Навоий-Жиззах-3:0, Қорақалпоғистон Республикаси-Наманган-3:0, Бухоро-Самарқанд-0:3, Қашқадарё-Сирдарё-3:2, Андижон-Тошкент вилояти-2:3.
Ўсмир қизлар жамоалари баҳсларида ҳисоб-китоблар янада қизиқарли кўринишни олди:
Андижон-Жиззах-2:3, Самарқанд-Фарғона-0:3, Сурхондарё-Навоий-3:1, Наманган-Хоразм-0:3, Тошкент вилояти- Сирдарё-3:0.
Ортда қолган ўйинлар сарҳисобига эътибор қаратсак, Ўзбекистон кубоги учун ўғил болалар жамоалари ўртасида ғолибликка эришган Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти жамоалари асосий даъвогар эканини намойиш этди.
Қизлар жамоалари орасида эса Жиззах, Фарғона, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилояти волейболчи қизлари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишга асосий номзод эканини амалда кўрсатишди.
—Ўзбекистон кубоги мусобақалари иқтидорли волейболчи ёшларни кашф этишга қаратилган бўлиб, мусобақаларни бевосита миллий терма жамоа мураббийлари, хорижий мамлакатлардан терма жамоаларимизга жалб этилган халқаро мутахассислар кузатиб боришмоқда. Мусобақаларни бошқариб боришда 20 нафарга яқин ҳакамлар, техник ходимлар жалб этилди. Ушбу мусобақа 2026 йилги Ўзбекистон кубоги соҳибларини аниқлаш билан бир қаторда жойларда волейбол спорт турининг ривожланиш ҳолатини мониторинг қилиш, ҳудудлардаги мураббийларнинг иш услубига баҳо бериш имконини тақдим этиши билан аҳамиятли, — дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов.
Бугун, 14 август куни Ўзбекистон кубоги ўйинларининг иккинчи кунги мусобақалари ўғил болалар баҳсларида Тошкент шаҳри - Сурхондарё, Хоразм - Навоий, Наманган - Сирдарё, Самарқанд - Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси - Қашқадарё, Бухоро - Андижон жамоалари куч синашса, қизлар ўртасидаги ўйинларда Наманган - Сирдарё, Тошкент - Самарқанд, Қорақалпоғистон Республикаси - Андижон, Бухоро - Сурхондарё, Хоразм - Тошкент вилояти жамоалари тўқнаш келади.
Ўйинлар 18 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА