Ўзбекистон кубоги бухороликларга насиб этди
Бухоро шаҳридаги “Ситора” спорт мажмуасида чим устида хоккей бўйича аёллар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Беш кун давом этган қизиқарли мусобақаларда Андижон, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Фарғона ҳамда Бухоро вилоятлари жамоалари иштирок этишди.
Ўзбекистон кубогига эга бўлиш учун асосий баҳслар Бухоро ва Самарқанд вилоятлари чим устида хоккей жамоалари ўртасида кечди. Ўз уйингда деворлар ҳам суяйди тарзида ўтган муросасиз ўйинларнинг барчасини ғалаба билан якунлаган бухоролик қизлар жамоаси 15 очко жамғарган ҳолда 1-ўринни қўлга киритди ва мамлакат кубоги соҳибига айланди.

Самарқанд қизлар жамоаси эса 12 очко билан 2-ўринни эгаллади. Кубок ўйинларининг якунига кўра, Хоразм ва Фарғона вилоятлари жамоалари 9 очкодан жамғаришди. Бироқ хоразмликлар тўплар нисбатидаги устунлик эвазига 3-ўринга мушарраф бўлишди.
Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси мутахассисларининг фикрича, ушбу кубок ўйинлари давомида ўз иқтидорини намойиш қилган бир қатор маҳоратли спортчилар халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон терма жамоасига жалб этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА