“Ўзбекистон корпоратив киберспорт кубоги – 2026”
Жиззах шаҳридаги “Cyber Arena” мажмуасида “Ўзбекистон корпоратив киберспорт кубоги – 2026” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг 16 та йирик компания ва ташкилотлари жамоалари ғолиблик учун баҳслашди.
“Ўзбекистон корпоратив киберспорт кубоги – 2026”нинг илк баҳслари 24 октябрь куни бошланди. Дастлабки ўйинлар иштирокчиларнинг жиддий рақобатга тайёрлигини кўрсатди. “Counter-Strike 2” йўналишидаги беллашувларда турли тармоқ вакиллари қатнашди. Улар орасида банк-молия, ахборот технологиялари, саноат, телекоммуникация ва транспорт соҳалари бор. Жами 16 та компания ҳамда ташкилот жамоалари мусобақага қўшилди.
Гуруҳ босқичидаёқ жамоаларнинг кучли ва заиф жиҳатлари намоён бўлди. Кейинги босқичга чиқиш учун ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиш талаб этилди. Бунинг учун шериклар билан ҳамжиҳат ҳаракат қилиш зарур эди. Рақиб тактикасини тез англаш ҳам муҳим аҳамият касб этди. Плей-оффда рақобат янада кескинлашди. Бу босқичда маҳоратнинг ўзи кифоя қилмасди. Босим остида ўзини йўқотмаслик ва жамоавий интизомни сақлаш ҳам муҳим эди.
Мусобақани Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси ташкил этди. Мусобақа “Капиталбанк” АТБнинг тўлиқ молиявий кўмагида ўтказилди. Унинг аҳамияти кучли киберспорт жамоасини аниқлаш билангина чекланмайди. Турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ўз қобилиятларини намоён этиш имконига эга бўлди. Шу билан бирга, мусобақа ҳамкасблик муносабатларини янги мазмун билан бойитишга хизмат қилди.
– Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси ташкил этилганидан буён турли спорт йўналишларида 30 дан ортиқ турнир ўтказилди. Бугун корпоратив киберспорт ҳам ушбу тизимнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Бу галги мусобақада 16 та компания ва тижорат банки жамоалари қатнашяпти, – дейди ассоциация ижрочи директори Шерзод Сатторов.
Унинг таъкидлашича, киберспорт жаҳонда тобора оммалашиб бормоқда. Бу спорт тури халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Мазкур жараён корпоратив мусобақалар учун янги имкониятлар очмоқда. Киберспортнинг Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олгани ҳам буни тасдиқлайди. Бу ҳолат унинг замонавий спорт тизимидаги аҳамиятини кўрсатади.
[gallery-32161]
– Ходимларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда, улар учун замонавий спорт турлари билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Жиззахдаги махсус киберспорт аренасида мусобақа ўтказилаётгани ҳам муҳим. Компаниялар ва банклар раҳбарияти ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаб, ходимларининг иштирок этиши учун шароит яратмоқда. Бу каби мусобақаларни мунтазам давом эттириш, иштирокчилар доирасини кенгайтириш ниятимиз бор, – дейди Шерзод Сатторов.
Мусобақа давомида Тошкент метрополитени жамоаси аъзоси Баҳром Муҳаммадазизов билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, ташкилотда спортга қаратилаётган эътибор ходимларнинг фаоллигини оширмоқда. Бу қўллаб-қувватлаш уларнинг турли беллашувларда қатнашишига туртки бермоқда.
– Метрополитен жамоаси билан бу кубокда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Раҳбариятимиз ходимлар учун зарур шароитларни яратиб берган. Киберспортга ҳам эътибор кучайгани бизга катта руҳ бағишлайди. Жамоамиз олти кишидан иборат. Футбол, баскетбол, волейбол каби спорт турларида ҳам қатнашиб келамиз. Аввалги корпоратив мусобақада учинчи ўринни олганмиз. Бу гал янада юқори натижага эришиш учун ҳаракат қиляпмиз, — дейди у.
“Pepsi” компанияси вакили Тимур Алиев билан суҳбатда тайёргарлик масаласига ҳам тўхталдик. У жамоавий ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Компания ўйинчилар учун компьютер клуби ташкил этган. Шунингдек, мунтазам машғулотлар ўтказишга шароит яратилган. Бу имконият жамоанинг мусобақаларда изчил иштирок этишига ёрдам бермоқда.
25 октябрь куни мусобақанинг якуний натижалари эълон қилинди. “Uzum Tech” жамоаси рақибларидан устун келиб, биринчи ўринни эгаллади. “Капиталбанк” жамоаси иккинчи ўриндан жой олди. “Uzinfocom” вакиллари учинчи бўлди. Ярим финалгача етиб борган “Infinbank” жамоаси энг кучли тўртликка кирди. Ғолиб ва совриндорларга кубок ҳамда пул мукофотлари топширилди. Индивидуал маҳорати билан ажралиб турган иштирокчилар ҳам эътироф этилди. Улар махсус номинациялар бўйича тақдирланди.
Шоҳсупага кўтарилган жамоаларнинг қувончи мусобақанинг эсда қоларли лаҳзаларидан бири бўлди. Ҳамкасбларнинг табриклари ва самимий мулоқотлар икки кунлик беллашувга ўзгача руҳ бағишлади. Бироқ бундай тадбирларнинг аҳамияти медаллар ва мукофотлар билан ўлчанмайди. Уларда ходимларнинг стратегик фикрлаши учун ҳам имконият яратилади. Тезкор қарор қабул қилиш ва масъулиятни ҳис этиш кўникмалари ҳам ривожланади. Энг муҳими, иштирокчилар умумий мақсад йўлида бирлашиш тажрибасини орттиради.
Жиззахдаги мусобақани ўтказишда “Капиталбанк” АТБ раҳбариятининг молиявий кўмаги муҳим ўрин тутди. Маъмурлар ва техник мутахассислар ҳам масъулият билан ишлади. Пойтахтдан ташқарида мусобақа ўтказиш муайян қийинчиликларни юзага келтирди. Шунга қарамай, беллашувлар икки кун давомида муваффақиятли ташкил этилди. Мусобақани юқори савияда ташкил этишда мутахассисларнинг хизмати алоҳида эътироф этилди.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков(сурат),
ЎзА мухбирлари