Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда: Жаҳон банки эътироф этаётган энг истиқболли уч соҳа...
Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар халқаро молиявий институтлар ва экспертлар ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда.
Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки каби нуфузли ташкилотлар мамлакатда хусусий секторни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича олиб борилаётган ўзгаришларни ижобий баҳолаб келяпти.
Ана шундай баҳоларнинг яна бири Жаҳон банкининг янги таҳлилий ҳисоботида ўз аксини топди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратиш нуқтаи назаридан логистика, туризм ва фармацевтика соҳалари энг катта салоҳиятга эга йўналишлар сифатида қайд этилди.
Жаҳон банки экспертлари фикрича, мазкур соҳаларда мақсадли ислоҳотларни амалга ошириш орқали мамлакатда 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг рақобатбардош ва хусусий сектор етакчилик қиладиган иқтисодиётга ўтиш жараёнини янада тезлаштиради.
Ҳисоботда келтирилишича, 2017 йилдан буён амалга оширилган бозор ислоҳотлари ишбилармонлик муҳитини сезиларли даражада яхшилади, тадбиркорлик фаоллигини оширди ва аҳоли даромадлари ўсишига хизмат қилди. Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган улкан мақсадларга эришиш учун рақобатни чеклаётган омилларни бартараф этиш, замонавий касбий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш ҳамда инфратузилма ва тартибга солиш механизмларини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилган.
Логистика соҳаси таҳлилда энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган. Хусусан, автомобиль юк ташувлари хизматлари ва замонавий омбор инфратузилмасини ривожлантириш катта иқтисодий самара бериши мумкин. Ер ажратиш ва қурилиш жараёнларини соддалаштириш, халқаро юк ташиш рухсатномаларини рақамлаштириш ҳисобига 950 миллион доллардан 1,05 миллиард долларгача хусусий инвестиция жалб этиш имконияти мавжуд. Натижада 108 мингтагача янги иш ўрни яратилиши мумкин.
– Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим савдо ва транзит маркази сифатидаги ўрни янада мустаҳкамланади ҳамда мамлакат “Ўрта йўлак” халқаро транспорт коридорининг муҳим бўғинига айланади, – дейилади ахборотда.
Туризм соҳасидаги имкониятлар ҳам эътироф этилди. Жаҳон банки маданий ва экологик туризм йўналишларида ҳали тўлиқ ишга солинмаган улкан салоҳият борлигини таъкидламоқда. Ер ижараси механизмларини такомиллаштириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш ва туристик объектларни бошқариш самарадорлигини ошириш орқали 3,1 миллиард доллардан 4,2 миллиард долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш мумкин. Бу эса 120 мингдан 180 мингтагача янги иш ўрни яратиш, туристик оқимларни кенгайтириш ва соҳанинг иқтисодиётдаги улушини сезиларли ошириш имконини беради.
Фармацевтика тармоғи ҳам келгуси йилларда юқори ўсиш нуқталаридан бири сифатида баҳоланган. Соҳада маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича мавжуд имкониятлар мамлакатнинг саноат базасини мустаҳкамлашига ишонч билдирилган.
Мутахассислар фикрича, мазкур уч соҳада амалга ошириладиган тизимли ислоҳотлар нафақат иқтисодий ўсишни жадаллаштиради, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, янги бизнеслар пайдо бўлиши ва Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги рақобатбардошлигини оширишда ҳам муҳим омил бўлади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА