Ўзбекистон – IFAD: янги лойиҳалар ва имкониятлар
Италиянинг Рим шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида ўтказилаётган Қишлоқ хўжалиги қўмитасининг (COAG) 30-сессияси доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD) вице-президенти Миз Герардине Мукешимана билан учрашув ўтказди.
Таъкидланишича, мулоқот давомида 44 миллион АҚШ доллари қийматидаги ASPIR – Агробизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини қисқа муддатларда амалий босқичга ўтказиш масалалари муҳокама қилиниб, лойиҳани тезроқ бошлаш юзасидан келишувга эришилган.

Шунингдек, IFAD билан ҳамкорликнинг навбатдаги босқичига оид янги лойиҳаларни тайёрлаш таклиф этилди. Хусусан, юртимизда йўлга қўйилган Дрон академияси тажрибасини кенгайтиришга қаратилган ташаббус IFAD томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Томонлар лойиҳа концепциясини қисқа муддатда ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш ишларини бошлашга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув чоғида 2027 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган IFAD Бошқарув кенгашининг 50 йиллик юбилей сессияси масаласи ҳам муҳокама қилинди. IFAD вице-президенти Ўзбекистонни мазкур нуфузли тадбирда иштирок этишга таклиф этиб, мамлакатимиз иштироки халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидлади.
Суҳбат якунида томонлар қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, янги ташаббусларни амалга ошириш Ўзбекистон ва IFAD ўртасидаги стратегик ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
ЎзА