Ўзбекистон ҳудудидан газ транзити барқарор амалга оширилмоқда
Бугунги кунда энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва табиий ресурслар транзитини барқарор таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарувираиси Абдуғани Сангинов ва Хитойнинг “Tapline” компанияси директорлар кенгаши раиси Чжун Фан ўртасида ўтказилган учрашувда бу бўйича фикр алмашилди.

Унда томонлар ўзаро шерикликнинг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашди. Айниқса, 2008 йилда ташкил этилган “Asia Trans Gas” қўшма корхонаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, “Tapline” Хитойнинг газ қувурлари соҳасидаги йирик ва нуфузли компанияси бўлиб, трансмиллий газ лойиҳалари, қурилиш ва транзит тармоқлари соҳасида фаолият юритади. Унинг асосий вазифаси эса газ қувурлари орқали узлуксиз ва ишончли транзитни таъминлаш ҳамда ҳамкор давлатлар билан қўшма лойиҳаларни ривожлантириш.

Таъкидланганидек, шу вақтга қадар Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтувчи магистрал газ қувурининг учта тармоғи бўйлаб табиий газни узлуксиз ва ишончли транзит қилиш таъминланиб келинмоқда. Бу эса икки томонлама ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилгани ва амалий натижалар бераётганини кўрсатади.
Суҳбат якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳалар доирасидаги ишларда самарадорликни оширишда фаол қатнашишга тайёр эканини қайд этди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА