Ўзбекистон-Хитой: Маданий-гуманитар ҳамкорлик янги босқичда
Шу кунларда Ўзбекистоннинг бир гуруҳ маданият ва санъат соҳаси вакиллари хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида бўлиб турибди.
Маълумки, ўзбек-хитой маданий-гуманитар ҳамкорлиги бугунги кунда Маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида жадал ривожланиб, кўргазмалар, гастроллар, театр ва кино фестивалларини ўз ичига олган ҳолда янги босқичга кўтарилди. Икки давлат раҳбарларининг стратегияси ва Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми каби платформалар бу жараённи янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маданият ва санъат соҳасида ўзбек-хитой ҳамкорлиги ҳамда гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган сафар давомида маданият ва санъат муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, Шанхайнинг маданият ва креатив индустрияни ривожлантириш борасидаги тажрибаси билан танишилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси ташрифида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори Камола Акилова ҳам иштирок этиб, соҳа бўйича Шанхай вакиллари билан учрашувлар ва мулоқотлар ўтказмоқда.

Бу алоқалар нафақат Ўзбекистон тасвирий санъатини Хитой ва жаҳон минбарларида тарғиб қилиш, балки икки мамлакат ижодкорлари ўртасида тажриба алмашиш ва креатив индустрияни ривожлантиришга замин яратади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА