Ўзбекистон-Ҳиндистон: саноат соҳасида янги ҳамкорлик келишувига эришилди
Мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.
Ана шундай истиқболли ташаббуслардан бири сифатида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки ҳамда Ҳиндистоннинг “PURFLUX GROUP” компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ушбу келишув саноат соҳасида янги қувватларни яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, “PURFLUX GROUP” халқаро миқёсда тан олинган йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, Sogefi Group концерни таркибига киради. Компания юқори самарадорликка эга фильтрлаш тизимлари ҳамда автомобиллар учун турли бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Келишув доирасида янги лойиҳани Жиззах кимё-индустриал технопарки ҳудудида жойлаштириш режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши халқаро сифат стандартларини жорий этиш, маҳаллий саноат кооперациясини кучайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
"Ўзкимёсаноат" АЖ ахборот хизматига кўра, мазкур ташаббус доирасида янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлиги таъминланиши ва мутахассислар учун замонавий касбий кўникмаларни ошириш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда. Бу эса ҳудуд саноати тараққиёти учун муҳим омил бўлади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА