Ўзбекистон ҳарбий дзюдочилари жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди
Польша пойтахти Варшава шаҳрида ҳарбий хизматчилар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати якунланди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада ҳам яккалик, ҳам аралаш жамоавий баҳсларда биринчи ўринни эгаллаб, умумий ҳисобда энг яхши натижани қайд этди.

Ҳамюртларимиз яккалик баҳсларида 14 та медални қўлга киритди. Улардан 7 таси олтин, 5 таси кумуш ва 2 таси бронза медалидир. Терма жамоамиз Франция, Польша, Литва ва Латвия каби кучли жамоаларни ортда қолдирди.
Мусобақанинг аралаш жамоавий дастурида ҳам ўзбекистонлик дзюдочилар тенгсиз эканини намоён этди. Финалда мезбон Польша терма жамоаси мағлуб этилди ва Ўзбекистон жамоаси чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Франция ва Литва терма жамоалари бронза медаллари билан тақдирланди.
Олтин медаль соҳиблари:
-60 кг. — Камолиддин Бахтиёров
-73 кг. — Иноят Телманов
-78 кг. — Барчиной Қодирова
+78 кг. — Ирисхон Қурбонбоева
-81 кг. — Зулфиддин Усмонов
-90 кг. — Азизбек Авазмуродов
+100 кг. — Исломбек Равшанқулов.
Кумуш медаль соҳиблари:
-48 кг. — Ҳалимажон Қурбонова
-52 кг. — Сўғдиёна Рафқатова
-70 кг. — Ширинжон Йўлдошева
-73 кг. — Шавкат Саитқулов
-100 кг. — Муҳаммадали Тангриев.
Бронза медаль соҳиблари:
-57 кг. — Моҳинур Алламберганова
-63 кг. — Фарангиз Режепова.
Шу тариқа, Ўзбекистон ҳарбий дзюдо терма жамоаси жаҳон чемпионатини 14 та медаль ва аралаш жамоалар ўртасидаги олтин медаль билан якунлаб, мусобақанинг энг муваффақиятли жамоаси сифатида эътироф этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА