Ўзбекистон фермерлари кенгаши ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилиш тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон фермерлари кенгаши этиб қайта номланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини ривожлантириш билан боғлиқ вазифа ва функциялар юклатилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:
аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларидаги ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобини юритиш ҳамда "Online mahalla" платформасида аниқ ва батафсил маълумотлар базасини шакллантириш;
туман ва маҳаллаларнинг ихтисослашув бўйича салоҳият ва имкониятларидан келиб чиқиб, томорқаларда юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришни яшил ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш орқали аҳолининг юқори даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва уларни камбағалликдан чиқариш;
маҳаллаларда ҳар бир аҳоли томорқасидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш бўйича ишларни ташкил этиш ва юзага келаётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича вазифалар ва чора-тадбирларнинг ижроси устидан қатъий назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш;
сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларда суғориш тизимини яхшилаш ҳамда етакчи экспортчи тадбиркорларни жалб қилиш орқали аҳоли томорқаларида бир хил тур ва стандартдаги экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни таъминлаш;
томорқалар ва узоқ муддатга ижарага берилган экин ер майдонларидан фойдаланишда аҳоли ва етакчи тадбиркорларнинг кўп йиллик тажрибаси ва кўникмалари ҳамда ҳудуднинг табиий ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, ташқи ва ички бозорларда харидоргир маҳсулотлар етиштириш бўйича ихтисослашувни чуқурлаштириш;
етакчи экспортчи тадбиркорлар салоҳиятидан томорқаларда юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотларни етиштириш билан бирга аҳолининг тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш ва банк мижозига айланишига кўмаклашиш мақсадларида ҳам фойдаланиш амалиётини кенгайтириш;
аҳоли томорқаларида энерготежамкор, яшил ёндашувлар асосидаги иссқхоналар қуриш, кичик интенсив боғлар барпо этиш ва инновацион суғориш технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш.
Фармонга мувофиқ, Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хужаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузурида Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Фармонга кўра, аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолати бўйича ҳоким ёрдамчиси томонидан ҳудуднинг иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ҳар чоракда ўтказиладиган мониторинг натижасида экин тўлиқ экилмаган ёки қаровсиз қолдирганлик ҳолати аниқланганда тажриба тариқасида (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно):
а) томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига давлат дастурлари доирасидаги имтиёзли кредитлар берилмайди;
б) Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган фуқаролар учун назарда тутилган имтиёзлар тўхтатилади;
в) "Online mahalla" электрон платформаси маълумотлари асосида экин экилмаганлиги аниқланган йил учун ер солиғи ставкаси уч карра миқдорида ҳисобланади. Бунда:
берилаётган имтиёзларни вақтинчалик тўхтатиш, қайта тиклаш ва оширилган соқ ставкаларини қўллаш "маҳалла еттилиги" хулосасига асосан амалга оширилади ва тегишли маълумотлар “Online mahalla" электрон платформасига киритиб борилади;
томорқа ва ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган, яъни экин экиладиган майдонларига экин экилган тақдирда, "маҳалла еттилиги" кафиллиги билан барча имтиёзлар ва амалдаги солиқ ставкалари тиклаб берилади.
ЎзА