Ўзбекистон энг кўп қайси маҳсулотларни импорт қилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг импорт ҳажми юқори ўсишни намоён этди.
Айниқса, машина ва транспорт воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда минерал ёқилғи импортида сезиларли ошиш қайд этилган.
Бу ҳолатни ички бозордаги талабнинг ортиши ва иқтисодий фаолликнинг кенгайиши билан изоҳлаш мумкин.
2026 йилнинг январь-март ойларида мамлакат импорти ҳажми 12,2 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.
Импорт таркибида асосий улуш машина ва транспорт асбоб-ускуналари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу йўналишда 4,1 млрд. долларлик маҳсулот олиб кирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга кўп.
Шунингдек, саноат товарлари импорти 1,7 млрд. долларга, кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар эса 1,5 млрд. долларга етган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импортида ҳам юқори ўсиш кузатилиб, кўрсаткич 1,4 млрд. долларга етган.
Бу йўналишдаги ўсиш 45,9 фоизни ташкил этган. Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорти энг юқори ўсиш суръатларидан бирини қайд этди — 64,4 фоиз. Ушбу маҳсулотлар ҳажми 1,2 млрд. долларга тенг бўлган.
Бундан ташқари, хизматлар импорти 1,2 млрд. доллар, турли хил тайёр буюмлар 441,8 млн. доллар, ноозиқ-овқат хомашёси 288,9 млн. доллар миқдорида қайд этилди.
Ҳисоботда ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ёғлар ва мумлар импорти 46 фоизга, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари эса 42,6 фоизга ошгани келтирилган. “Бошқа товарлар” тоифасидаги импорт ҳажми эса 2,3 баробарга кўпайган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА