“Ўзбекистон эҳтироми” ордени таъсис этилмоқда
Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон эҳтироми” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Бунда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва мамлакатимиз манфаатларини илгари суришга муносиб ҳисса қўшаётган хорижий ҳамкорларнинг хизматларини эътироф этиш муҳим аҳамиятга эга.
Қонун билан хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, икки даражали – “Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ва “Ўзбекистон эҳтироми” орденларини таъсис этиш назарда тутилмоқда.
“Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ордени Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари учун хорижий давлат ва ҳукумат, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг атоқли давлат ва жамоат арбобларига берилиши белгиланмоқда.
“Ўзбекистон эҳтироми” ордени билан эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, йирик компаниялар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари ҳамда хорижий давлатлар фуқаролари мукофотланади.
“Ўзбекистон эҳтироми” ордени билан тақдирлаш тартиби, у тўғрисидаги низом ва тавсиф мустаҳкамланиб, “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мамлакатимизнинг хорижий ҳамкорлар билан ишонч ва ўзаро манфаатларга асосланган муносабатларини янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ва иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ҳамда халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА