Ўзбекистон делегацияси Черногориядаги халқаро туризм форумида иштирок этмоқда
Ўзбекистон халқаро туризм ҳамкорлигини кенгайтириш ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб этишга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда.
Шу мақсадда мамлакатимиз делегацияси Черногорияда ўтказилаётган Европа–Осиё минтақалараро юқори даражадаги туризм форумида иштирок этмоқда.
2026 йил 11–14 октябрь кунлари Черногория пойтахти Подгорица шаҳрида БМТ Туризм ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Санжар Тожиев бошчилигидаги делегация қатнашмоқда.
Форум Европа ва Осиё мамлакатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда барқарор туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган.
Туризм қўмитаси матбуот хизматига кўра, тадбирда Санжар Тожиев Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, хорижий делегациялар вакиллари 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳамда 27 ноябрь куни БМТ Туризм ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этиладиган “2027 йил — Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”нинг расмий очилиш маросимига таклиф этилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2027 йилнинг “Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг глобал туризмни барқарор ривожлантириш борасидаги ташаббусларини халқаро миқёсда илгари суриш учун муҳим имконият яратади.
Форум доирасида Черногория туризм вазири Симонида Кордич ҳамда бошқа хорижий давлатлар туризм соҳаси вакиллари билан учрашувлар ҳам ўтказилди. Мулоқотларда икки томонлама туризм алоқаларини ривожлантириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, туризм ташкилотлари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма сайёҳлик ташаббусларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА