Ўзбекистон давлат симфоник оркестри – Бангкокда
86 нафар ижрочидан иборат Ўзбекистон давлат симфоник оркестри Бангкокда ўтказилган XXVI Халқаро мусиқа ва рақс фестивали доирасида зўр таассурот қолдирган концерт намойиш қилди. Бу воқеа тарихий аҳамият касб этди, чунки, жамоамиз 1999 йилдан буён ўтказиб келинаётган анжуманда илк бор иштирок этди.
Таиланд маданият марказида 2000 га яқин томошабин, хусусан Адлия, Ташқи ишлар, Маданият вазирликлари, Нафис санъат турлари департаменти расмий шахслари, дипломатлари тўпланди. Дирижёр Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги оркестрнинг чиқиши гулдурос қарсак билан олқишланди.
Бундан ташқари, мусиқачиларимиз маҳаллий ёшлар, жумладан имконияти чекланган ижрочилар учун маҳорат дарслари ўтказди, Бангкокдаги Бош консуллигимизда ташкил этилган маданий тадбирда чиқиш қилди.
Маданий алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида фестиваль раиси ва асосчиси Жаспал Сингх Уберой ташаббуси билан Таиландда Ўзбекистон давлат симфоник оркестрига бағишланган махсус китоб-альбом нашр этилиб, жамоаларимизнинг мазкур анжуманда мунтазам иштирок этишини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
Осиё миқёсидаги йирик маданий форумлардан бири ҳисобланадиган, 1999 йил асос солинган Бангкок халқаро мусиқа ва рақс фестивали Қироллик оиласи ҳомийлигида ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида ўтказилади. Бу йилги тадбирда Франция, Буюк Британия, АҚШ, Хитой, Италия, Япония, Исроил ва Россия каби давлатлардан машҳур ижрочилар глобал санъатнинг ранг-баранглиги, бойлигини ўзига хос тарзда намойиш этдилар.
Азиза Алимова, ЎзА