Ўзбекистон бошқирдлари: ўтмиш ва бугун
Пойтахтимизда Аҳмад Заки Валидий номли Тошкент шаҳри бошқирд жамоат-маданий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Қайд этиш жоиз, ушбу жамоа фаолияти бошқирд халқининг маданий мероси, анъаналари, урф-одати ва она тилини янада ривожлантириш, асраб-авайлаш, бошқа миллий маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва дўстлик муносабатини мустаҳкамлашга қаратилган.

Юбилей дастурининг иккинчи кунида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбекистон бошқирдлари: ўтмиш ва бугун” халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда бошқирд диаспораси вакилларининг мамлакатимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси эътироф этилди. Марказ фаолияти юқори баҳоланди.
Конференцияда “Ўзбекистондаги бошқирдлар жамоат ташкилотлари фаолияти”, “XX аср бошида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида бошқирд арбоблари”, “Аҳмад Заки Валидийнинг Марказий Осиё халқлари тарихчиси сифатида шаклланиши”, “Тарихдаги бошқирд миллий ҳаракати фаол иштирокчилари ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари тақдири”, "Бошқирдларнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси", “Аҳмад Заки Валидий Тўғон илмий меросида Амир Темур даври", “Бошқирдларнинг Ўзбекистон ижтимоий-маданий ҳаётидаги иштироки” “Тошкент шаҳри бошқирд жамоат-маданий маркази фаолияти", “Туркистоннинг янги ва яқин тарихи”, “Ўзбекистон бошқирдлари ҳақида баъзи этнографик маълумотлар” мавзуларида маъруза тингланди.

- Бугунги кунда Аҳмад Заки Валидий илмий меросини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича қатор илмий ишлар олиб борилмоқда, - деди Халқаро ислом академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси доценти Мўминжон Хўжаев. – Тарихчи олимнинг етти юз бетдан иборат “Тарихда усул” асари ўзбек тилига таржима қилинди. Қолаверса, 900 бетли “Умумтурк тарихига кириш” асари ҳам ўзбек тилига ўгирилиб, нашрга топширилди. Ҳозир ёзувчининг “Тарих фалсафаси концепцияси” номли илмий рисоласи устида ишлаяпман. Бу асарда ҳам Валидийнинг Туркистондаги фаолияти таҳлилан ўрганилади.

Анжуманда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари юртимизда хукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлиги ҳусусида фикр билдирди.
Куннинг иккинчи ярмида бошқирд миллий рақслари ва миллий чолғу асбобларида куйлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинди. Йиғилганлар бошқирд халқининг бой ва бетакрор миллий маданияти, урф-одати, анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Г.Сатторова, ЎзА