Ўзбекистон БМТ институтлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги Форумида иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон делегацияси форум доирасида қатор учрашувлар ҳам ўтказмоқда.
Хусусан, делегациямиз БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Нью-Йоркдаги бюроси директори Анхелика Хакоме ҳамда эксперт Ли Фенг билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Мулоқотда ФАО вакиллари Ўзбекистондаги сув ислоҳотларини юқори баҳолаб, соҳада гендер тенгликни таъминлаш, хусусан, «Аёллар сув ҳафталиги»нинг ташкил этилишини алоҳида эътироф этдилар. А.Хакоме дунёда аёллар қишлоқ ва сув хўжалигида атиги 30-35 фоизни ташкил этишини қайд этиб, бу масаланинг долзарблигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда ФАОнинг дунё давлатлари сув қонунчилигини жамловчи “WaterLex” базасида Ўзбекистоннинг Сув кодексига алоҳида эътибор қаратилиши ва ушбу платформага киритилиши келишиб олинди.
Мулоқотларда сув соҳасида илмий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти (UNU-INWEH) директори, профессор Кавех Мадани билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув давомида профессор К.Мадани Ўзбекистонда сув хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
– Ҳамма давлатларда ҳам сув масаласига Ўзбекистон Президенти даражасида стратегик аҳамият берилаётгани йўқ, – дея алоҳида таъкидлади UNU-INWEH директори. – Аксарият мамлакатларда мавжуд сув муаммоларининг туб илдизларини кўп томонлама баҳолаш ва уларга тизимли ечим топишга етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Шунингдек, К.Мадани Институт Ўзбекистонни сув соҳасидаги илмий кадрлар малакасини ошириш, илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тўлиқ тайёр эканлигини билдирди.
ЎзА