Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти: 34 йиллик ҳамкорлик тажрибаси ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг экспертлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат фаолияти концепцияси доирасида дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Айниқса, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан очиқ, конструктив ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар орқали минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашда муҳим қадамлар ташланмоқда.

Тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистон халқаро даражада ташаббусларни фаол илгари сураётгани, минтақавий ва глобал масалаларни ҳал этишда мамлакатимиз нуфузи ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Мамлакатимизнинг БМТ доирасидаги ташаббуслари резолюция сифатида қабул қилинаётгани, хусусан, ушбу ташаббуслар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ҳамда парламент дипломатияси имкониятларидан фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА