Ўзбекистон – Беларусь: парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқди
Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, парламентлараро мулоқотни мунтазам давом эттириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент қўмиталари ва комиссиялари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш, шунингдек, халқаро парламент тузилмалари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Сергей Алейник Ўзбекистон — Беларусь парламентлараро тўртинчи форуми юқори савияда ташкил этилгани ва ўтказилгани учун миннатдорлик билдирди.
29-30 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган мазкур форумда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий мулоқотни кенгайтиришга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинган.
Беларусь парламенти аъзоси эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ишлари, шу жумладан, 2027 йилда Беларусь Республикасида ўтказиш режалаштирилаётган навбатдаги Ўзбекистон — Беларусь парламентлараро форумига тайёргарлик ишлари бошланганини таъкидлаб ўтди.
Н.Абдураимова, ЎзА