Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2021 йилги режалари
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2021 йилда амалга ошириладиган вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Таъкидландики, 2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси фаолияти қизғин кечади. Ўтган 2020 йилда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, академик бадиий таълим сифатини оширишга оид Президентимизнинг 1 та қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилинди.
2021 йилда ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш изчил давом эттирилади. Жумладан, соҳа бўйича ёш истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида апрель ойида анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади.
Ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил қилинади.
Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида таълим олаётган истеъдодли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендияси учун танлов ўтказилади.
Дунёнинг турли мамлакатларидаги ватандошларимиз фарзандлари учун "Ўзбекистон маданий мероси" номли фотосуратлар онлайн танлови ташкил этилади.Тошкент шаҳрида III Тошкент халқаро амалий санъат биенналесини ўтказиш режалаштирилган.
Жорий йилда Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари билан боғлиқ улкан ишлар амалга оширилади.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ташкил этилади. Президентимизнинг ушбу қарори асосида яна Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабининг 200 ўринли ўқувчилар ётоқхонаси мукаммал таъмирланади.Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактабида қўшимча ўқув биноси қурилади.
Таълим фаолиятининг икки туридан иборат бўлган Павел Беньков номидаги Ўзбекистон давлат рассомлик олий мактабини ташкил этиш ва моддий-техника базасини жаҳон андозаларига мос равишда мустаҳкамлаш бўйича таклиф лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти.
2021 йилда тизимдаги ташкилотлар, хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга оид ишлар амалга оширилади. Ҳудудларда санъат галереяларини қуриш ишлари давом эттирилади. Бу йил Жиззах ва Фарғона вилоятида Бадиий академия ўз галереясига эга бўлади.
Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги, Ўзбекистон халқ артистлари Олим Хўжаев ва Сойиб Хўжаев таваллудининг 110 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, атоқли олимлар Саъди Сирожиддинов ва Иброҳим Ҳамробоев таваллудининг 100 йиллиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Шавкат Раҳмон таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ёдгорлик лавҳалари тайёрланади.
Айни пайтда Москва шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини яратиш, пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ишларида Бадиий академия фаол иштирок этмоқда.
2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси қутлуғ сана – мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда мустақиллик мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва анъанавий кўргазмаларни, ижодий лойиҳаларни ўтказади.
Анжуманда медиа тузилма вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА