Ўзбекистон арбитраж ҳафталиги бошланди
Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон Арбитраж ҳафталиги"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов тадбирнинг асосий мақсади - мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш ва мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маҳаллий жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш эканини қайд этди.
Ўзбекистон Арбитраж ҳафталиги 6 сентябрдан 10 сентябрга қадар давом этади. Ҳафталик давомида Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тошкент халқаро арбитраж маркази (ТИАC) қатор тадбирларни ташкил этади.
[gallery-3788]
Шу ўринда Ўзбекистонда низоларни арбитраж орқали ҳал этишнинг замонавий ва халқаро стандартларга асосланган механизмларини шакллантиришга эътибор қаратилаётганини қайд этиш жоиз.
Адлия вазирлиги томонидан Тошкент халқаро арбитраж маркази давлат рўйхатидан ўтказилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Марказ етакчи хорижий арбитражлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, халқаро арбитраж орқали низоларни ҳал этиш соҳасида тажриба алмашмоқда. Фаолияти давомида мавжуд низоларни ҳал этиш учун хорижий арбитрлар жалб қилиниб, халқаро арбитраж, жумладан, инвестициялар билан боғлиқ низоларни суддан ташқари ҳал этиш соҳасида мутахассислар тайёрлай бошлади.
Халқаро арбитраж маркази маҳаллий ва хорижий хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, хорижий инвесторларга инвестиция билан боғлиқ, шу жумладан, томонлардан бири давлат бўлган низоларнинг вужудга келишининг олдини олиш соҳасида консультация хизматларини кўрсатмоқда.
Ҳафталикни ташкил этишда нафақат Тошкент халқаро арбитраж маркази, тегишли ташкилотлар, балки кўплаб халқаро ҳуқуқ фирмалари яқиндан кўмаклашди.
ТИАC директори Диана Байзакова пандемия инқирозидан кейин халқаро арбитраж бўйича биринчи офлайн тадбирда иштирок этадиган бир қатор таниқли маърузачилар ҳам борлигини маълум қилди.
Ҳафталик давомида ТИАC ҳакамлик ва воситачилик қоидалари қайта кўриб чиқилади. Соҳадаги асосий ютуқлардан бири шуки, тегишли масалаларни кўриб чиқиш бўйича 60 нафар халқаро ҳакамлар рўйхати тузилган.
Ҳафталик давомида арбитражнинг афзалликлари ҳақида кенг маълумот тақдим этилиши билан бир қаторда соҳа мутахассислари ўзаро тажриба ҳам алмашади.
Н.Абдураимова, ЎзА