Ўзбекистон – АҚШ: ҳудудий бизнес-делегацияларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳужжат имзоланди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда АҚШ савдо вазири ўринбосари Дэвид Фогел ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокарада икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. АҚШ Ўзбекистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётгани ҳамда 2025 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда қўшма инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт, қишлоқ хўжалиги, молия ва рақамли технологиялар соҳаларида ўзаро шерикликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатни янада мустаҳкамлаш мақсадида инновациялар, сунъий интеллект, телекоммуникация ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида фикр алмашилди.
Тадбир якунида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Тижорат хизмати ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат ҳудудий бизнес-делегацияларни қўллаб-қувватлаш, минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини илгари суришга хизмат қилади.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА